Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. "Ўзгидромет" томонидан Бухоро вилоятида илк бор тест режимида аэрологик шар муваффақиятли учирилди. Мазкур жараён гидрометеорология соҳасини ривожлантириш, атмосферанинг юқори қатламларини ўрганиш ҳамда об-ҳаво прогнози аниқлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Хабарларга кўра, шарга ўрнатилган замонавий метеозонд қурилмаси ҳаво ҳарорати, намлик, атмосфера босими, шамол тезлиги ва йўналиши каби кўрсаткичларни реал вақт суръатида қайд этиб, ердаги қабул қилиш станциясига узатади.
Шунингдек, Ўзбекистонда сунъий ёмғир ёғдириш ва сунъий шамол технологиялари ҳам босқичма-босқич жорий этилади. Президентнинг тегишли фармонига кўра, биринчи босқичда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида ҳаво сифатини яхшилаш мақсадида 2027 йил 1 октябрга қадар зарур асбоб-усгуналар ўрнатилиши белгиланган.
Бундан ташқари, ушбу аэрологик тадқиқотлар синоптик таҳлилларни мукаммаллаштириш, хавфли табиат ҳодисаларини эрта аниқлаш ҳамда авиация ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ишончли маълумотлар билан таъминлашга хизмат қилиши кўзда тутилган.
Олдинроқ Samarkand-2028 номли сунъий йўлдоши орбитага чиқарилганди.

Изоҳлар мавжуд емас