Ўзбекистан, Тошкент –Batafsil.uz ЯА. Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқи бўлмаган Россиянинг бир қатор ОТМлари абитуриентлардан ўқиш учун ҳужжат ва пул олмоқда. Batafsil.uz мухбири хабар қилишича, 2019/2020 ўқув йили бошланганига 3 ой ўтган бўлсада, мазкур ОТМлар жорий ўқув йили учун шартномалар тузишни давом этишмоқда.
Россия ОТМларининг ноқонуний фаолияти юзасидан абитуриентлар, уларнинг ота-оналари ва қариндошлари Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясига шикоят қилишмоқда.
Ўзбекистон ҳудудида ўқув жараёнини амалга ошириш ҳуқуқи бўлмаган ҳолда абитуриентларни қабул қилишни давом этаётганлар:
- Томск бошқарув ва радиоэлектроника тизимлари давлат университети;
- Молия, иқтисодиёт ва заҳира зобитлари ҳуқуқ институти;
- “Тадбиркорлик олий мактаби” Хусусий олий таълим муассасаси,
- “Шарқий-Европа институти” Хусусий олий таълим муассасаси
- “Сибирь бизнес ва ахборот технологиялари институти” Хусусий олий таълим муассасаси ва бошқалар.
Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекцияси таъкидлашича, мазкур ОТМлар нодавлат таълим ташкилотлари сифатида инспекцияда рўйхатдан ўтмаган. Шунга асосан, улар томонидан бериладиган ҳужжатлар юридик кучга эга эмас.
Ўзбекистонда дипломлари тан олинадиган ҳамда Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган ОТМлар рўйхатини tdi.deepx.uz. манзилидан билиб олиш мумкин.
Таълим сифатини назорат қилиш Давлат инспекциясига бу масалага оид саволларни @Uztdibot Telegram-бот орқали юбориш мумкин.
Шу билан бирга, инспекциянинг эслатишича, таълим хизматларини амалга ошириш учун лицензия олиш муддати 30 кундан 10 кунгача қисқартирилган. Тегишли ҳужжатларни давлат хизматлари агентликлари орқали электрон кўринишда ҳам тақдим этиш мумкин.
Изоҳлар мавжуд емас