Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор, таниқли композитор Феликс Маркович Янов-Яновский 84 ёшида оламдан ўтди.
Бу ҳақда Ўзбекистон композиторлар ва бастакорлар уюшмаси маълум қилди.
Феликс Маркович Ўзбекистон композиторлик мактабининг ёрқин намояндаси, кўплаб истеъдодли композиторлар ва мусиқашуносларнинг устози сифатида катта ҳурмат қозонган эди. У ўз ижоди давомида тўққизта опера, тўртта балет, бешта симфония, шунингдек, кўплаб инструментал концертлар, камер, вокал ҳамда хор асарларини яратган.
Унинг бебаҳо мероси қаторига "Оркестр" ва "Аккомпаниатор" опералари, "Урашима Таро" балети ҳамда Реквием каби йирик асарлар киради.
Бундан ташқари, у 60 та кинофильм (мультфильмлар билан бирга) ва 15 та театр спектакли учун мусиқа басталаган.
Марҳумнинг ижоди нафақат Ўзбекистонда, балки Буюк Британия, Германия, Франция, АҚШ ва Япония каби хорижий давлатларда ҳам кенг эътироф этилган.
Унинг асарлари халқаро миқёсда юқори баҳоланиб, "Грифон" мукофоти, IV Бутунукраина кинофестивали дипломи, Чехиядаги "Йиглава–2002" халқаро танлови sovrini ҳамда M&TVA Award–2008 каби қатор нуфузли мукофотларга сазовор бўлган.
Эллик йилдан ортиқ педагогик фаолият олиб борган Феликс Маркович мусиқа оламига қадам қўйган кўплаб ёшлар учун йўл кўрсатувчи чинакам устоз бўлган.
Таҳририятимиз марҳуманинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.
Аввалроқ Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ёдгора Зиёмуҳамедова 74 ёшида вафот этганди.

Изоҳлар мавжуд емас