Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектининг бино фасадига жойлаштирилган номи ва фаолият тури ҳақидаги маълумотлар ташқи реклама ҳисобланмайди. Шу сабабли бундай ёзувлар учун реклама жойи паспортини расмийлаштириш талаб этилмайди. Ҳукуматнинг ташқи рекламани жойлаштириш ва демонтаж қилиш тартибини ўзгартирувчи қарори ҳақида Рақобатни ривожлантириш қўмитаси хабар берди.
Янги қоидаларга кўра, юридик шахслар ўз автомобилларига товар белгиси ва маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларни соддалаштирилган тартибда жойлаштириши мумкин. Бунинг учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали хабарнома юборилади, реклама жойи паспорти эса автоматик шакллантирилади. Уни расмийлаштириш учун йиғим ундирилмайди, паспортни бекор қилиш ҳам онлайн амалга оширилади.
Қурилиш майдонларида жойлаштирилган вақтинчалик реклама қурилиш ишлари тугаллангунига қадар туриши мумкин. Байрамлар ва тадбирларга бағишланган реклама эса кўпи билан 30 кунга рухсат этилади.
Шунингдек, шаҳар ва ҳудудларнинг ташқи кўринишига оид дизайн-кодларни қабул қилиш тартиби белгиланди. Бундай қарорлар фақат жамоатчилик муҳокамасидан кейин қабул қилинади ва эълон қилинганидан уч ой ўтгач кучга киради. Тошкент шаҳрининг дизайн-коди 10 декабрга қадар тадбиркорлар ва оммавий ахборот воситалари иштирокида муҳокама қилинади.
Янги тартиб ташқи рекламани мажбурий демонтаж қилиш жараёнини ҳам аниқ белгилайди. Конструкция эгасига демонтаж санаси ва вақти ҳақида икки кун олдин ёзма хабар юборилади, маълумот эса тегишли сайтда эълон қилинади.
Демонтаж ишлари фақат иш кунлари соат 09:00 дан 18:00 гача амалга оширилади. Жараён якунлангач, далолатнома тузилиб, унда сана, вақт, демонтаж сабаби, фотосуратлар ва реклама конструкцияси сақланадиган манзил кўрсатилади. Қарор ва хабарномалар тадбиркорнинг юридик манзилига ҳам юборилади.
Ташқи рекламани жойлаштириш устидан жамоатчилик назорати эса "Халқ назорати" портали орқали амалга оширилади.

Изоҳлар мавжуд емас