Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси давлат органлари мансабдор шахсларининг суд мажлисларидаги иштирокини мажбурий этиб белгилаш ва узрсиз сабабларга кўра келмаганлик учун суд жарималарини жорий этишга оид қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Ўзбекистон амалдорлари судга келмагани учун жаримага тортилиши борасидаги муҳокамалар 2025 йил январь ойидан бошланган эди.
Янги тартибга кўра, маъмурий суд ишларини юритишда мансабдор шахсларнинг масъулияти оширилиб, суд жараёнининг очиқлиги ва ҳақиқий тортишув тамойили таъминланиши кўзда тутилган. Агар давлат органи вакили судга сабабсиз келмаса, унга нисбатан молиявий жазо чоралари қўлланилади. Бундан ташқари, маъмурий судларга судга нисбатан ҳурматсизлик қилганлик ёки хусусий ажримларни ижро этмаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортиш ваколати берилмоқда.
Парламент қуйи палатаси матбуот хизматининг хабар беришича, қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексга ҳамда "Давлат божи тўғрисида"ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда.
Қонун лойиҳаси билан бошқа муҳим ўзгаришлар ҳам жорий этилмоқда.
Хусусан, давлат органининг қарори ёки ҳужжатига ишониб, ҳалол фаолият юритган фуқаро ёки тадбиркорнинг ҳуқуқлари сўзсиз ҳимоя қилинади. Давлат органи хатоси учун виждонли тадбиркор жавобгар бўлмайди.
Суд жараёни бошланишидан олдин далилларни тўплаш, даъво талабларини аниқлаштириш ва томонларни яраштириш имконини берувчи босқич жорий этилади. Бу ишларни кўриб чиқиш муддатини қисқартириш ва харажатларни камайтиришга хизмат қилади.
Депутатларнинг таъкидлашича, ушбу ҳужжат давлат органлари фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш, бизнес муҳитини яхшилаш ва аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган.

Изоҳлар мавжуд емас