Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025/2026 ўқув йили бошида Ўзбекистон олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар сони 1 миллион 535 минг нафарни ташкил этди.
Бу кўрсаткич ўтган ўқув йилига нисбатан 102,2 минг нафарга ёки 7,1 фоизга ошган.
Талабалар таркибида аёллар сони 782,9 минг нафарни, эркаклар эса 752,1 минг нафарни ташкил этмоқда. Шу тариқа, қизлар улуши бироз юқори экани кузатилмоқда.
Сўнгги йилларда олий таълим тизимида талабалар сони барқарор ўсиш тенденциясини кўрсатмоқда. Хусусан, 2021/2022 ўқув йилида 808,4 минг нафар бўлган талабалар сони 2022/2023 йилда 1 миллион 42,1 минг нафарга, 2023/2024 йилда 1 миллион 314,5 минг нафарга, 2024/2025 йилда эса 1 миллион 432,8 минг нафарга етган.
2025/2026 ўқув йилида эса мамлакатда талабалар сони илк бор 1,5 миллиондан ошган.
Маълумот учун, "Ижтимоий реестр"га киритилган оилалар фарзандлари учун тўлов-контракт суммасининг бир қисмини "Ёшлар дафтари" жамғармаси ҳисобидан қоплаш тизими жорий этилганди.

Изоҳлар мавжуд емас