Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд вилояти Оқдарё тумани Пробация бўлими собиқ инспектори Беҳзод Олимовга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари якунланиб, тегишли ҳужжатлар судга юборилди. Мазкур воқеа собиқ инспекторнинг турмуш ўртоғининг тинимсиз тазйиқ ва хўрлашларига чидай олмай, ўз жонига қасд қилишга уриниши оқибатида жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 103-моддаси 2-қисми "а" банди (айбдорга моддий ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсни ўзини ўзи ўлдириш даражасига ёки ўзини ўзи ўлдиришга қасд қилиш даражасига етказиш) ҳамда 112-моддаси 1-қисми (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) бўйича айблов эълон қилинган. Тергов версиясига кўра, Беҳзод Олимов мунтазам равишда аёлини дўппослаб, хўрлаб ва ўлдириш билан таҳдид қилиб келган.
Тергов органлари 2026 йил 6 майдан 7 майга ўтар кечаси содир бўлган суицидга уриниш ҳолатини айнан эрининг шафқатсиз муомаласи билан боғламоқда. Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси жабрланувчи олган жароҳатларни ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳатлари тоифасига киритган.
Айблов хулосасида ички ишлар органларига аввалдан маълум бўлган зўравонлик ва таҳдид фактлари ҳам атрофлича баён этилган.
Жумладан, 2026 йил 15 февраль куни Беҳзод Олимов хотинига хизмат қуролини ўқталиб: "Ҳозир пешонангдан отиб ташлайман", дея таҳдид қилган. Хизмат қуроли билан таҳдид қилингани ҳақида 102 тезкор рақамига мурожаат қилинган бўлиб, бу ҳақда аёлнинг отаси ҳам терговга кўрсатма берган.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, ушбу воқеадан сўнг Оқдарё тумани ИИБ бошлиғи Алишер Ибодов вазиятни шахсан назоратга олишга ваъда бериб, оилани сақлаб қолиш важ билан аёлни ва унинг отасини Олимовни кечиришга ва аризани қайтариб олишга кўндирган. Жабрланувчининг отаси ҳам ИИБ раҳбарияти томонидан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, кейинчалик бу каби янги можароларга йўл қўйилмаслигига ваъда берилганини маълум қилган.
Жабрланувчининг 2025–2026 йиллар давомида қилган кўплаб мурожаатлари ҳақида Оқдарё тумани ИИБ бошлиғининг жамоат хавфсизлиги хизмати бўйича ўринбосари Санжар Ибоев ҳам терговга сўзлаб берган. Унинг кўрсатмаларига кўра, ушбу мурожаатлар бўйича хизмат текширувлари ўтказилиб, Олимовга нисбатан фақат интизомий чоралар қўллаш билан чекланилган.
Аёлнинг кўрсатмасига кўра, 2025 йил январдаги дўппослашдан сўнг ферарь ойида унга ҳайфсан берилган, 2026 йил 15 февралдаги хизмат қуроли билан қилинган таҳдиддан сўнг эса 6 март куни яна бир ҳайфсан эълон қилинган. Санжар Ибоев ҳам эр-хотинни ушбу ҳолатлардан сўнг бир неча бор яраштиришганини ва оилага ёрдам беришга ваъда беришганини тасдиқлаган.
Бироқ аёлга нисбатан такрорий зўравонлик ва оғир таҳдидлар мавжудлигига қарамай, амалда оилани аёлнинг соғлиғи ва ҳаёти ҳисобига сақлаб қолишга уринилган. Ҳозирда айбланувчи Беҳзод Олимов ўз айбини тан олмаяпти ва хизмат қуроли билан таҳдид қилганини бутунлай рад этмоқда.
Мазкур ҳолат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва ИИБ тизимига нисбатан бир қатор жиддий ва очиқ саволларни келтириб чиқармоқда. Беҳзод Олимов аёлнинг ўз жонига қасд қилишга уринишидан деярли икки ой ўтиб — фақат 4 июль кунига келибгина қамоққа олинган.

Изоҳлар мавжуд емас