Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 15 октябрь куни Боку шаҳрида Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш саммити доирасида Вьетнам, Камбоджа ва Лаос вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Музокараларда савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, инвестицияларни жалб қилиш ва турли соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Вьетнам Социалистик Республикаси вице-президенти Во Тхи Ан Суан билан учрашувда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари кўриб чиқилди. Вьетнам делегацияси раҳбари Ўзбекистон Президентига мамлакат Президенти То Ламнинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказди.
Томонлар икки давлат ўртасидаги муносабатлар жадал ривожланаётганини таъкидлаб, товар айирбошлаш ҳажми изчил ошиб бораётганини қайд этдилар. Нефт-кимё, электротехника, тўқимачилик саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Камбоджа Бош вазири Хун Манет билан учрашувда эса сиёсий мулоқотни йўлга қўйиш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш, маданий-гуманитар ва сайёҳлик соҳаларидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, савдо ҳажмини ошириш мақсадида мамлакатлар саноат салоҳиятини намойиш этувчи кўргазмалар ўтказиш ва ишбилармонлик делегациялари ташрифларини ташкил этиш таклифлари кўриб чиқилди. Томонлар савдо-иқтисодий ва инвестиция соҳаларидаги асосий келишувларни ишлаб чиқишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.
Лаос Халқ Демократик Республикаси Президенти Тхонглун Сисулит билан учрашувда Ўзбекистон — Лаос муносабатларини янги босқичга олиб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокараларда ўзаро савдо ҳажмини ошириш, ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, транспорт, логистика, фармацевтика, тиббиёт ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш устувор йўналишлар сифатида белгиланди. Савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини кенгайтириш, таълим ва маданият соҳаларидаги алмашинувларни фаоллаштириш муҳимлиги ҳам таъкидланди.
Учрашувларда томонлар минтақавий ва халқаро кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Камбоджа билан музокараларда БМТ, ШҲТ, АСЕАН, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликни давом эттириш масаласи ҳам кўриб чиқилди.

Изоҳлар мавжуд емас