Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Беларуслик тадбиркор, "Халва" бўлиб тўлаш картаси ва Solfy финтех-платформасининг собиқ ҳаммуассиси Андрей Басуев Москвадаги Шереметьево аэропортида Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари сўровига кўра ушланган. Ушланиш Solfy ва Ўзбекистон Миллий банки ўртасидаги низо ҳамда инвесторларнинг мамлакатдан 100 миллион доллар компенсация талаб қилиши билан боғлиқ вазият фонида юз берган.
Маълумотларга кўра, Басуев Москвага Қирғизистондан учиб келган. У ҳозирда Ўзбекистон Миллий банки билан ҳамкорликда фоизсиз бўлиб тўлаш хизматини ривожлантирган Solfy финтех-платформасига раҳбарлик қилади. Тадбиркорнинг айнан қайси гумон ёки айблов бўйича ушлангани ҳақида хабарда маълумот берилмаган.
Solfy платформаси ва Ўзбекистон Миллий банки ўртасидаги ҳамкорлик молиявий мажбуриятлар бўйича ўзаро даъволардан кейин тугатилган. 2024 ва 2025 йилларда Тошкент иқтисодий судлари Solfy компаниясини банкка 21,32 миллиард сўм қарз ва пеня тўлашга мажбур қилган.
2026 йил март ойида эса Ўзбекистонда Solfy бўлинмаси директори Ўктам Ҳасанов жиноят иши доирасида ушланган. Инвесторлар унинг ушланишини компанияга босим ўтказиш сифатида баҳолаб, халқаро арбитражга мурожаат қилган.
2026 йил 23 сентябрда Solfy RUS LLC компанияси ва инвестор Максим Полетаев Ўзбекистондан 8,3 миллиард рубль, яъни тахминан 100 миллион доллар компенсация ундиришни талаб қилиб, Жаҳон банки ҳузуридаги халқаро арбитражга даъво киритган.
Инвесторлар Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги инвестицияларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги битимга таянмоқда. Уларнинг позициясига кўра, низо Solfy ва Ўзбекистон Миллий банки ўртасидаги ҳамкорлик билан боғлиқ келишмовчиликлар сабаб келиб чиққан.
Ўзбекистон Миллий банки халқаро инвестиция низоси юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.

Изоҳлар мавжуд емас