Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ҳозирги пасайишдан кейин туғилиш кўрсаткичи яна ўсиши мумкин. Прогнозларга кўра, 2050 йилга бориб мамлакатда бир йилда туғиладиган чақалоқлар сони 1,2 миллиондан ошади.
"Оила ва гендер" институти ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилда Ўзбекистонда 892,7 минг нафар бола туғилади. 2040 йилга келиб бу кўрсаткич 1 миллиондан ошиши, 2050 йилда эса 1,23 миллионга етиши прогноз қилинмоқда.
Айни пайтда мамлакатда туғилиш кўрсаткичи пасаймоқда. Хусусан, 2023 йилда 962 минг нафар чақалоқ туғилган бўлиб, бу сўнгги йиллардаги энг юқори кўрсаткич бўлган. 2025 йилда эса туғилишлар сони 879,6 минг нафаргача камайган.
Институт прогнозларига кўра, 2026 йил якунлари бўйича мамлакатда тахминан 800 минг нафар чақалоқ туғилиши кутилмоқда.
Умумий туғилиш коэффициенти ҳам дастлаб пасайишда давом этиб, кейинчалик яна ўсиши прогноз қилинмоқда. 2030 йилда ушбу кўрсаткич 21,2 промиллени, 2040 йилда 20,8 промиллени ташкил этиши, 2050 йилга келиб эса 21,9 промиллега етиши кутилмоқда.
2050 йилга бориб энг юқори туғилиш кўрсаткичлари Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида кузатилиши прогноз қилинган. Мазкур ҳудудларда туғилиш коэффициенти мос равишда 24,7 ва 23,8 промиллени ташкил этиши мумкин.
Шу билан бирга, институт узоқ муддатли истиқболда туғилиш кўрсаткичининг қайта ўсишига қандай омиллар таъсир қилиши ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Изоҳлар мавжуд емас