Загрузка
Загрузка
Мирзиёев ШҲТ саммитида "ШҲТ – 2040" концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди
Сиёсат

Мирзиёев ШҲТ саммитида "ШҲТ – 2040" концепциясини ишлаб чиқишни таклиф қилди

21
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилишида ШҲТнинг узоқ муддатли тараққиётига қаратилган қатор янги ташаббусларни илгари сурди. 

Давлат раҳбари ташкилотга аъзо мамлакатлар инвестиция, технология ва билимлар эркин алмашинадиган умумий маконни шакллантириши зарурлигини таъкидлаган. Шу муносабат билан "ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони" концептуал қарашини ишлаб чиқиш таклиф этилган. 

Президентга кўра, мазкур концепция доирасида йирик инфратузилма ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, минтақалар, бизнес ва аҳоли ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш кўзда тутилиши лозим. 

Иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш мақсадида махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш жараёнлари, савдо бозорлари ва логистикани бирлаштирадиган ШҲТ саноат кооперацияси харитасини яратиш таклиф қилинган. 

Шавкат Мирзиёев ШҲТ Тараққиёт банкини ташкил этиш бўйича келишувлардан уни амалда ишга тушириш босқичига ўтиш зарурлигини ҳам қайд этган. Унинг фаолияти транспорт, энергетика, саноат кооперацияси ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги устувор инвестиция лойиҳаларига қаратилган бўлиши кераклиги айтилган. 

Саммитда сунъий интеллект соҳасидаги ҳамкорликка ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ўзбекистон ШҲТнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини шакллантиришни таклиф қилган. 

Бундан ташқари, келгуси йил Тошкент шаҳрида ШҲТнинг сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар бўйича форумини ўтказишга тайёр экани маълум қилинган. 

Президент иқлим ўзгариши мамлакатларнинг озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлигига тобора кучли таъсир кўрсатаётганини таъкидлаган. Шу муносабат билан ШҲТ доирасида комплекс дастурлар ва илғор технологиялар алмашинувини мувофиқлаштирадиган махсус механизм ташкил этиш таклиф қилинган 

2035 йилга қадар сув ва энергетика самарадорлиги соҳасида ШҲТнинг технологик ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш ҳам илгари сурилган ташаббуслардан бири бўлган. 

Транспорт соҳасида эса ШҲТга аъзо давлатларнинг темир йўл маконларини интеграция қилиш бўйича кенгаш ташкил этиш таклиф қилинган. Унинг асосий вазифаси логистика инфратузилмасини мувофиқлаштириш ва миллий транспорт тизимлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни таъминлаш бўлади. 

Шавкат Мирзиёев Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш минтақа хавфсизлиги учун фундаментал аҳамиятга эга эканини қайд этиб, ШҲТнинг Афғонистон билан мунтазам мулоқотини қайта тиклаш вақти келганини билдирган. 

Шунингдек, Тошкент шаҳрида Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказнинг самарали фаолияти учун барча шароитлар яратилиши маълум қилинган. 

Президент маданий-гуманитар ҳамкорлик доирасида 2028–2030 йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраб-авайлаш ҳамда оммалаштириш бўйича ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф қилган. 

Бишкекдаги саммит Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилганининг 25 йиллиги муносабати билан ўтказилди. Ўзбекистон раҳбари мамлакат келгусида ҳам минтақада ўзаро ҳурмат, яхши қўшничилик ва ишонч муҳитини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишини таъкидлаган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...