Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент шаҳридаги Ал-Беруний номидаги халқаро мактаб-интернатнинг 10-синф ўқувчиси 4-қаватдан тушиб кетиши оқибатида шифохонада ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар берган эдик. Боланинг вафоти юзасидан Batafsil.uz мухбири қўшимча ўрганишлар олиб борди.
Таҳририятимизга тақдим этилган манбага кўра, жорий йилнинг 5 сентябрь куни соат 15:10 лар атрофида мазкур мактаб-интернат ўқувчиси 16 ёшли Шоҳидбек Жамолиддинов Абдулла Авлоний номидаги институт меҳмонхонасининг 4-қаватидаги хонасида ноутбукда ишлаб ўтирган бўлган. Шу пайт ноутбукнинг тасодифан ташқарига тушиб кетганини кўрган. Ўқувчи буюмни ушлаб қолишга уриниб, мувозанатини йўқотган ва пастга қулаб тушган.
Ҳодиса жойига зудлик билан масъуллар томонидан тез тиббий ёрдам чақирилиб, ота-онасига хабар берилган. Ўқувчи дастлаб Тошкент тиббиёт академияси клиникасига, сўнгра Респyблика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жойлаштирилган. Тиббий кўрикда унда умуртқа поғонаси ва оёқ суягининг сингани ҳамда ўпка соҳасида гематома ҳосил бўлгани аниқланган.
Кўрсатилган муолажаларга қарамай, 15 сентябрь куни соат 07:30 лар атрофида ўқувчи шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан суриштирув ишлари ўтказилиб, марҳумнинг ота-онаси ва мактаб директорида ҳеч қандай эътироз йўқлиги маълум қилинган. Суд-тиббий экспертизаси ўтказилгач, марҳумнинг жасади Наманган вилоятига кузатилиб, шу куни соат 19:00 да дафн этилган.
Маълумот ўрнида, Шоҳидбек Жамолиддинов мактабнинг аълочи ўқувчиси бўлиб, математика фанидан халқаро ва республика олимпиадаларида совринли ўринларни эгаллаб келган.
Ҳодиса муносабати билан таҳририятимиз номидан марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирамиз!

Изоҳлар мавжуд емас