Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида идоралараро ишчи гуруҳ томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришга қаратилган янги таклифлар пакети ишлаб чиқилди ва давлат раҳбарига тақдим этилди. Эндиликда маст ҳайдовчиларни ҳам қамоққа олиш чораси кўрилиши мумкин.
Идоралараро ишчи гуруҳнинг маълум қилишича, сўнгги вақтларда ота-оналар томонидан транспорт воситаларини вояга етмаган фарзандларига топшириш ҳолатлари кўпайган ва бу оқибатда ўлим ҳамда оғир тан жароҳати билан боғлиқ авариялар сонининг ортишига сабаб бўлмоқда. Шунингдек, аҳоли пунктларида йўл ҳаракати хавфсизлигига жиддий хавф туғдирувчи ноқонуний пойгалар уюштириш ҳолатлари ҳам тизимли тус олган.
Юзага келган хавфли вазиятларни инобатга олиб, соҳа мутахассислари йўл ҳаракати қоидаларини қўпол равишда бузишнинг беш тури учун янги маъмурий жазо чорасини жорий этишни илгари суришмоқда.
Янги тартибга кўра, ушбу қоидабузарликлар содир этилганда автотранспорт воситасини вақтинчалик олиб қўйиш амалиёти маъмурий жазо турлари рўйхатига киритилади. Шу билан бирга, машина бошқаришни вояга етмаган шахсга топширганлик, ноқонуний пойгаларни ташкил этганлик ва унда бевосита иштирок этганлик учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланиши кутилмоқда.
Таклиф этилаётган чоралар доирасида ҳайдовчилик ҳуқуқи бўлмаган ёки бу ҳуқуқдан маҳрум этилган шахслар томонидан йўл безорилиги ҳаракатлари содир этилса, транспорт воситасини узил-кесил мусодара қилиш ёки вақтинчалик олиб қўйиш шаклидаги қўшимча жазо чораси қўлланилади.
Транспорт воситасини маст ҳолатда бошқарганлик учун эса тўғридан-тўғри 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосини тайинлаш тартиби жорий этилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, йўл қоидаларини қўпол равишда бузган шахслар учун йил давомида жарималарни чегирма билан тўлаш имконияти бутунлай бекор қилинади.
Айнан шундай йўл қоидаларини қўпол равишда бузиш ҳолатларидан бири яқинда содир бўлган эди. Сурхондарё вилоятининг Узун туманида ҳайдовчилик ҳуқуқига эга бўлмаган ёшлар ўртасидаги "пойга" фожиали якунланганди. Натижада икки киши ҳаётдан кўз юмган эди.

Изоҳлар мавжуд емас