Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистонда ҳудудлар ва маҳаллалардаги жиноятчилик хавфини баҳолашнинг янги тизими жорий этилади. Унда сунъий интеллект ёрдамида ҳуқуқбузарликлар хавфини таҳлил қилиш, криминоген хариталарни шакллантириш ва аҳолининг хавфсизлик ҳиссини ҳам ҳисобга оладиган "криминоген барқарорлик индекси"ни ишлаб чиқиш кўзда тутилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев 4 ноябрь куни ҳуқуқбузарликлар профилактикасини такомиллаштиришга қаратилган тақдимот билан танишди. Унда 2014 йилда қабул қилинган "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги қонунни янги таҳрирда қабул қилиш бўйича таклифлар ҳам кўриб чиқилган.
Тақдимотда қайд этилишича, амалдаги баҳолаш тизими асосан статистик маълумотларга таянади. Жиноятчиликка таъсир қилувчи ижтимоий-иқтисодий омиллар етарлича таҳлил қилинмайди, давлат идораларининг ахборот тизимлари эса ўзаро тўлиқ интеграциялашмаган.
Шу сабабли криминоген вазиятни баҳолашнинг янги модели таклиф этилди. Унинг муҳим жиҳати — жиноятлар статистикаси билан бирга аҳолининг ўзини қанчалик хавфсиз ҳис қилиши ва яширин жиноятчилик кўрсаткичларини ҳам инобатга олишдир.
Бунинг учун давлат идораларининг ахборот ресурсларини бирлаштирувчи ягона криминоген маълумотлар платформасини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Сунъий интеллект технологиялари орқали жиноятчилик хавфларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, шунингдек, ҳудудлар кесимида криминоген хариталарни шакллантириш кўзда тутилган.
Янги механизмлар асосида маҳалла ва ҳудудлардаги вазият мунтазам баҳоланиб, хавф даражасига қараб манзилли профилактика чоралари белгиланади. Масъул идоралар фаолияти ҳам натижадорлик кўрсаткичлари бўйича баҳоланиши керак.
Ҳозирда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси билан 14 та давлат идораси шуғулланади. Бироқ уларнинг айрим вазифалари такрорланиши ва ваколатлари аниқ чегараланмагани таъкидланган.
Тақдимотда профилактика субъектлари доирасини яна 7 тага кенгайтириш таклиф қилинган. Президент бу ташаббусни асослаш, ҳар бир идоранинг вазифаси, ваколати ва жавобгарлигини аниқ белгилаш ҳамда улар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини қайд этган.
Шунингдек, янги таҳрирдаги қонун лойиҳасида Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси комиссиясининг ваколатларини қонун даражасида мустаҳкамлаш назарда тутилмоқда. Комиссия давлат органлари фаолиятини мувофиқлаштириш, профилактика чораларининг самарадорлигини баҳолаш ва мониторинг қилишда иштирок этиши керак.
Қонун лойиҳасида профилактиканинг янги йўналишларини белгилаш ҳам таклиф қилинган. Улар қаторида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноятлар, кибержиноятчилик, уюшган жиноятчилик, яширин иқтисодиёт ва коррупцияга қарши превентив чораларни кучайтириш бор.
Бундан ташқари, ижтимоий ва виктимологик профилактика механизмларини такомиллаштириш, таълим муассасаларини профилактика тадбирларига кенгроқ жалб қилиш режалаштирилмоқда.
Тақдимотда келтирилган маълумотларга кўра, мамлакатда жамоат хавфсизлиги инфратузилмаси ҳам кенгайтирилган. Ҳудудларга 263 мингта таниб олиш камераси, 70 мингта замонавий домофон ва 22 мингта ташвиш тугмаси ўрнатилган.
Ижтимоий профилактика чоралари орқали 2,1 миллион нафар шахснинг муаммолари манзилли ҳал этилган. Натижада криминоген вазияти энг оғир деб баҳоланган 809 та маҳалланинг 701 таси ушбу тоифадан чиқарилган. Қарийб 4,4 мингта маҳалла эса "яшил" тоифада қолмоқда.
Президент ҳуқуқбузарликлар профилактикаси фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вазифаси бўлиб қолмаслиги, бу жараёнда барча масъул идоралар, маҳалла ва жамоатчилик ҳамкорликда ишлаши кераклигини таъкидлаган.
Тақдимот якунида мутасаддиларга қонун лойиҳасини билдирилган таклифлар асосида такомиллаштириш, идораларнинг вазифа ва ваколатларини аниқ белгилаш ҳамда рақамли таҳлил ва мониторинг механизмларини жорий этиш топширилган. Шунингдек, криминоген вазиятни баҳолашнинг янги моделини жорий этишни назарда тутувчи фармон имзоланган.

Изоҳлар мавжуд емас