Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Мухбиримиз хабар қилишича, Ўзбекистонда жисмоний шахсларга йўловчиларни автомобиль транспорти орқали ташишга рухсат берилади.
Ушбу янгилик давлат раҳбари томонидан имзоланган 2020 йилларга мўлжалланган Давлат дастурида кўзда тутилган.
Ҳужжатга асосан, Транспорт вазирлигига Адлия вазирлиги билан биргаликда уч ой муддатда UzTrans ягона интерфаол ахборот тизимида ташувчилар фаолияти устидан мониторинг ва назоратнинг замонавий усулларини жорий этишни ҳисобга олган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига қуйидаги таклифларни киритиш топширилган:
- жисмоний шахсларга йўловчиларни автомобиль транспортида шаҳар, шаҳар атрофи ва шаҳарлараро ташиш ҳуқуқини бериш;
- юк ташишни амалга оширишнинг бошланиши бўйича хабардор қилиш ҳамда халқаро ташиш билан шуғулланувчи транспорт воситасини онлайн рўйхатдан ўтказиш тартибини жорий этиш йўли орқали автомобиль транспорти билан шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро юк ташишларни бажариш.
Эслатиб ўтамизки, даставвал жисмоний шахсларга такси хизматларини кўрсатишга рухсат берилиши бўйича масала 2017 йилда кўтарилган эди. Аммо шундан бери у жойидан силжигани йўқ. Сўнгги уч йил ичида бир қатор ҳукумат ҳужжатлари лойиҳалари эълон қилиниб, уларда жисмоний шахсларга ташиш бўйича ўрнатилган таъқиқни бекор қилиш таклиф қилинган эди. Аммо бу таклифлар лойиҳалигича қолиб кетди.
Амалдаги маҳаллий қонунчилик йўловчиларни фақат тегишли лицензияга эга бўлган юридик шахсларга ташишга рухсат беради. Такси ҳайдовчиси бўлиб ишлашни истаган автомобиль эгалари юридик шахс - таксопарклар билан меҳнат шартномасини тузишлари керак.
Шундан сўнг машинани нотариал тарзда юридик шахсга топшириш ҳамда махсус ТТ серия рақамини олиш керак бўлади. Натижада автомобиль эгаси ходим сифатида қабул қилинади ва унга меҳнат дафтарчаси берилади.
Изоҳлар мавжуд емас