Загрузка
Загрузка
Ўзбекистондаги кибержиноятларнинг 90 фоизи хориждан содир этилмоқда
Жамият

Ўзбекистондаги кибержиноятларнинг 90 фоизи хориждан содир этилмоқда

47
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. ​  Ўзбекистонда содир этилаётган кибержиноятларнинг 90 фоизи трансчегаравий хусусиятга эга бўлиб, хориждан амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашрапов 7 октябрь куни жамоатчиликка мурожаатида маълум қилди.

Унинг таъкидлашича, мамлакатдаги деярли ҳар иккинчи жиноят ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда содир этилмоқда.

"Бундай жиноятларга қарши курашиш учун фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг масъул бўлиши кутилган натижага олиб келмайди", — деган Рамазон Ашрапов.

Вазир ўринбосарига кўра, фирибгарлар асосан одамларнинг бепарволиги ва рақамли саводхонликнинг етарли эмаслигидан фойдаланмоқда. Бу эса фуқароларнинг маблағлари, оилавий фаровонлиги ва хотиржамлигига зарар етказмоқда.

Рамазон Ашрапов аҳолини киберхавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирган. Хусусан, шубҳали ёки нотаниш файлларни, айниқса APK файлларини, ҳатто яқин инсонлардан келган бўлса ҳам, очмаслик ва юклаб олмаслик, турли ташкилотлар ходими сифатида таништириб, код ёки пароль сўрайдиган нотаниш рақамлардан қилинган қўнғироқларга ишонмаслик сўралган.

Қисқа вақт ичида инвестицияни бир неча баробар оширишни ваъда қиладиган онлайн платформалардан эҳтиёт бўлиш, интернет орқали харидларда сотувчининг ишончлилиги текширилмасдан туриб, олдиндан тўлов қилмаслик ва банк картасининг PIN-коди ва телефонга келган SMS-кодларни бошқа шахсларга бермаслик таъкидланган.

Ички ишлар вазирлиги аҳолини ушбу қоидаларни, айниқса болалар ва кекса яқинларига ҳам тушунтиришга чақирган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда сўнгги беш йил ичида кибержиноятлар сони 68 баробарга ошган. Фақат жорий йилнинг ўзида 46 мингдан ортиқ кибержиноят аниқланиб, улар орқали жисмоний ва юридик шахсларга 1,2 триллион сўмдан ортиқ зарар етказилган. Шу муносабат билан давлат раҳбари кибержиноятларга, наркотрафикка ва прокурорлик назоратидаги камчиликларга қарши курашишда самарадорликни ошириш бўйича аниқ топшириқлар берганди.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...