Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги ўқув маркази директори Рустам Ҳасанов ЎзАга берган интервьюсида ўзбекистонликлар томонидан кўп нон исроф қилинишини тадқиқотлар намоён этганлигини билдирган.
Унинг айтишича, ўзбек оилалари кичик (1-2 киши), ўрта (3-5 киши) ва катта (6-7 ва ундан ортиқ) бўлиши мумкин. Тадқиқотларга кўра, 4-5 кишидан иборат оилада ҳар куни сотиб олинаётган ноннинг 100-250 грами қолиб кетиши ҳамда истеъмол учун яроқсиз ҳолга келиши туфайли ташланади.
“Бунинг сабабларидан бири –шакл стандартларининг бир хиллигидадир. Тошкент шаҳри истеъмолчилари учун 0.6 килограмм, вилоятларда 0.5 (ГОСТ 27842-88) килограммга тенг нон шакллари ишлатилади. Оила аъзолари сонига мувофиқ ноннинг бошқа стандартларини ишлаб чиқариш ва йўлга қўйиш таъминланмаган”, - деб айтди Ҳасанов.
Мазкур ҳолатларни инобатга олган ҳолда ҳамда аҳоли талабидан келиб чиқиб, ноннинг исроф қилинишини олдини олиш мақсадида “Ўзстандарт” агентлиги томонидан жорий йилнинг октябрь ойида Тошкент шаҳрида 0.3 килограмм шаклли нон ишлаб чиқариш учун "Oz DSt 3415:2019" техник шартлар тайёрланди ва 1 ноябрдан бошлаб амал қилмоқда.
Хасановнинг фикрича, умуман олганда нон ва нон маҳсулотлари нархини либерализация қилиш аҳоли даромадларини ошириш, уларнинг харидорлик имкониятларини мустаҳкамлаш, давлат бюджети ҳисобидан ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини тизимли ҳимоя қилишга қаратилган бўлиб, мазкур тизимга нисбатан бозор механизмларини тўлиқ жорий қилиш орқали иқтисодий рентабеллик даражасини таъминлашга хизмат қилади.
Марказ директори “Агарда шу нуқтаи назардан ёндошиладиган бўлса, либерализация оқибатида нон нархининг ошиши ва бу ҳақидаги гапларнинг барчаси вақтинча. Чунки ошиш натижасида иқтисодий фаоллик юз бериб, аҳоли даромадалри ошади ва жамиятдаги вазият барқарор ҳолга келади”, - деб якун ясади.
Эслатиб ўтамизки, Ўзбекистонда 4 ноябрь куни кейинги 20 кун ичида шаклли нон нархи яна ошди. Шундан кейин давлат раҳбари 7 ноябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда ноннинг тан нархини камайтириш бйўича топшириқ берган эди.
Изоҳлар мавжуд емас