Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.
Лойиҳага кўра, Жиноят-процессуал кодекси ҳамда "Адвокатура тўғрисида"ги қонунга муҳим ўзгартишлар киритилиши режалаштирилмоқда. Уларнинг энг асосийларидан бири жиноят ишини судга юбориш тартиби билан боғлиқ.
Янги тартибга мувофиқ, жиноят иши судга фақат айблов хулосаси ёки айблов далолатномаси билан эмас, балки ҳимоячининг расмий хулосаси — "ҳимоя фикри" билан биргаликда тақдим этилади.
Шунингдек, адвокатларнинг процессуал ҳуқуқларини кенгайтириш ҳам назарда тутилган. Хусусан, дастлабки тергов ёки суриштирув якунланганидан кейин ҳимоячига беш сутка муддат ичида ўз позициясини баён этган ҳолда "ҳимоя фикри"ни тақдим қилиш ҳуқуқи берилади.
Таъкидланишича, мазкур ўзгартишлар суд жараёнларида томонлар ўртасидаги тортишув тамойилини кучайтиришга хизмат қилади. Энди судья ишни кўриб чиқишдан олдин нафақат айблов томонининг, балки ҳимоя томонининг ҳам далил ва важлари билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Муҳокамалар якунлари бўйича қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан биринчи ўқишда маъқулланди.

Изоҳлар мавжуд емас