Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Жиззах вилояти қурилиш назорати инспекцияси қулаб тушган уйнинг қурилиши вақтида йўл қўйилган камчиликлар ҳақида маълум қилган. Бу тўғрисида мухбиримиз хабар бермоқда.
Таъкидланишича, маҳаллий инспекторлар объектда амалга оширилган қурилиш-монтаж ишлари сифати бўйича 6 та текширув ўтказиб, бир қатор камчиликларни аниқлашган ва бу ҳақда қурувчини хабардор қилган.
Камчиликларнинг айримлари қуйидагилардан иборат:
-
Бинонинг қўшимча қаватларини қуриш экспертиза ўтказмасдан бажарилган. Яъни қурувчи 2020 йилнинг 27 январида экспертиза ва қурилиш рухсатномасини олгач, давлат назорати инспекцияси билан келишмаган ҳолда лойиҳага ўзгартиришлар киритган ва уч қаватли бино ўрнига олти қаватли бино қуришга қарор қилган;
-
Қурилишда ишлатиладиган темир-бетон плиталар, ғишт, арматура ва цемент материаллар учун мувофиқлик сертификати йўқ;
-
Пойдевор ва деворларни қуйишда ишлатиладиган бетоннинг лойиҳавий мустаҳкамлигига риоя қилиш бўйича қурилиш-синов лабораториясининг хулосаси мавжуд эмас;
-
Қурилиш раҳбари (прораб) ва техник назоратчига бириктирилган объектда умумий ва махсус ҳисобнинг юритилмаганлиги;
-
Қурилиш майдончаси ишчиларини хавфсизлик техникаси талабларига мувофиқ махсус кийим ва ҳимоя воситалари билан таъминламаганлиги.
Эслатиб ўтамизки, 10 январь куни кечқурун Жиззахдаги Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли бинонинг бир қисми қулаб тушган. Қурилишни "Баракали Қоракўл Чорвадор" фермер хўжалиги амалга оширган. Ҳолат юзасидан жиноят иши очилган.
Изоҳлар мавжуд емас