Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Вазирлар Маҳкамасининг 30 сентябрдаги қарори билан мамлакатда спелеотуризмни (ғор туризми) ривожлантириш бўйича 2026−2029 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида жойлашган 10 та жозибадор ғорда замонавий туристик инфратузилма барпо этилади, хавфсизлик чоралари кучайтирилади ҳамда халқаро экспедициялар ташкил этилади.
Лойиҳа доирасида Жиззахдаги Пешағор, Самарқанддаги Яхдон, Омонқўтон, Киев ва Ҳазрати Довуд, Сурхондарёдаги Қоронғи юлдуз, Бойбулоқ, Тешиктош ҳамда Хўжаикон туз кони, шунингдек, Қашқадарёдаги Амир Темур ғорлари танлаб олинган.
Ушбу объектларда қурилиш ва ободонлаштириш ишлари Маданий мерос агентлиги ва Экология ҳамда иқлим ўзгариши миллий қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2027 йил баҳорига қадар ғорларнинг 3D моделлари ва електрон манзилли геопаспортлари ишлаб чиқилиб, Миллий туризм ягона платформасига интеграция қилинади.
Дастурга кўра, 2027−2028 йилларда аниқланган объектлар атрофида автотураргоҳлар, дам олиш майдонлари, санитария-гигиена шохобчалари ва инфратузилма тармоқлари барпо этилиб, 2029 йил бошида тўлиқ фойдаланишга топширилади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги туристлар хавфсизлигини таъминлаш ва қутқарув хизматлари ҳамкорлигини йўлга қўйиш бўйича янги талабларни жорий этади.
Лойиҳаларни молиялаштириш давлат бюджети, хусусий инвестициялар ва халқаро грантлар ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятининг Қарши тумани ва Қарши шаҳри ҳудудига туташ "Батош" маҳалла фуқаролар йиғинида 100 миллион долларлик "Кўҳна Насаф" туризм марказини барпо этиш режалаштирилётгани ҳақида хабар берилганди.

Изоҳлар мавжуд емас