Загрузка
Загрузка
Комилжон Орипов – ШҲТнинг кейинги ривожланиш вектори ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бўлиши керак
Сиёсат

Комилжон Орипов – ШҲТнинг кейинги ривожланиш вектори ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган бўлиши керак

4177
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz. Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Комилжон Ориповнинг сўзларига кўра, ШҲТни янада ривожлантириш вектори ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этишга қаратилиши лозим.

"Ўзбекистоннинг ШҲТни янада ривожлантириш борасидаги қарашлари Президент Шавкат Мирзиёевнинг мақоласида яққол акс этган. У ташкилотнинг асоси "Шанхай руҳи" бўлиб қолиши кераклиги, яъни ташкилотнинг барча аъзоларининг тенглиги, бир-бирининг суверенитетини ҳурмат қилиш, мулоқотга асосланган ўзаро алоқаларни ўрнатиш зарурлигини аниқ белгилаб қўйган. Буларнинг барчаси ШҲТнинг ўзига хос хусусияти бўлиб, бошқа универсал халқаро ташкилотлардан фарқли ўлароқ, масалалар кўпчилик фикри асосида ҳал этилади", - деди у.

Ориповнинг сўзларига кўра, ташкилот ривожланишининг кейинги вектори аъзо мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал қилишга, масалан, камбағаллликни камайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бўлиши керак. Бундан ташқари, Душанбе саммитининг устувор йўналишларида белгиланганидек, яқин савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва ўзаро боғлиқ транспорт коридорлари тизимини яратиш ШҲТни риворжлантиришнинг янги босқичи учун асос бўлиши керак.

Шунингдек, мутахассиснинг фикрича, ташкилот фаолияти учинчи мамлакатлар ва ҳар қандай халқаро ташкилотларга қарши йўналтирилмайди.

"Бундай ҳаракатлар ШҲТ хартиясига мутлақо зид келади, зеро унда қайд этилишича, ташкилотнинг саъй-ҳаракатлари биринчи навбатда учинчи мамлакатларга қарши эмас, балки минтақанинг ривожланиши ва барқарорлигига қаратилгандир. ШҲТнинг жозибадорлиги блокларга қўшилмасликдидар, шунинг учун совуқ урушнинг блокли ҳолатига қайтиш ташкилот учун асло мақбул эмас. Бу ҳақда ШҲТ Бош котиби, Хитой раҳбари ҳамда бошқа бир қатор расмийлар маълум қилган. Барча томонлар тенглиги ва аъзо давлатлар, шунингдек, бошқа давлатлар суверенитетига аралашмасликда "Шанхай руҳи" тамойилига риоя қилиш керак. Бу ташкилотни ривожлантириш учун муҳим асос ва бошланғич нуқтадир", - деди у.

Суҳбатдошимизнинг қўшимча қилишича, ҳозирда яқин Шарқ мамлакатларида ташкилотга аъзо бўлишга қизиқиш катта. Бунинг сабаби шундаки, бу давлатлар раҳбарлари ШҲТ аъзоларининг тенг ҳуқуқлилигини, ҳар-бир мамлакат овози ҳал қилувчи ўрин тутишига амин бўлишмоқда. Амалдаги тартибга кўра, агар битта мамлакат маълум бир қарорга рози бўлмаса, бу қарор ташкилот томонидан қабул қилинмайди.

Ориповнинг таъкидлашича, ШҲТ доирасида Ўзбекистон ўзининг энг йирик савдо ҳамкори – Россия билан икки томонлама алоқаларни фаол ривожлантирмоқда.

"Россия Федерациясида миллионлаб ўзбек мигрантлари ишлаётгани, маҳсулотларимиз Россия бозорига чиқарилаётгани, таълим ва маданият соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилаётганимиз аён. Ўзбекистонда рус тили кенг тарқалган. Ҳозирги кунда илмий ва ўқув-таълим соҳаларида фаол ҳамкорлик олиб борилмоқда, олий таълим муассасаларининг филиаллари очилмоқда, биргаликда илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Корхоналар сони бўйича Росиия вакиллари етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Бу борада савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш учун жуда кенг майдон мавжуд", - деди у.

Унинг сўзларига кўра, ШҲТда Россия билан ҳамкорлик барча аъзо давлатлар иштирокидаги қўшма тадбирлар, хусусан - учрашувлар, аксилтеррор машғулотлари доирасида амалга оширилмоқда. Ўзбекистон ШҲТга раислиги даврида 80дан ортиқ тадбирларни ўтказган, мулоқотнинг янги форматларини шакллантириш ташаббуси билан чиққан, унда Россия Федерацияси вакиллари ҳам иштирок   қилган.

"Ишончим комилки, тобора кўпроқ янги форматлар пайдо бўлаверади, кўп томонлама ҳамкорлик доирасида туташ нуқталарини топиш мумкин. ШҲТнинг ноёб муваффақиятининг сири ҳам шунда, яъни ҳамма ўзаро тушунган соҳаларда иш олиб борилмоқда. Таълим, тиббиёт, транспорт коридорлари барчани қизиқтирадиган масалалардир. Масалан, кеча Хитой, Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида мамлакатларимиз ҳудудидан ўтувчи темир йўл маршрутини яратиш тўғрисида битим имзоланди", - деди Орипов.

Ғарбнинг Россияга қарши санкциялари ҳақида гапирар экан, мутахассис ҳозирча улар ШҲТнинг бошқа давлатларига таъсир қилмаслигини таъкидлади.

"Санкциялар жорий этилган соҳаларда биз халқаро ҳуқуқ доирасида амалга ошириладиган ва белгиланган битим ва келишувлар доирасида ҳамкорлик қиламиз. Бу ерда алоҳида формат йўқ. Ҳиндистон Ташқи ишлар вазиридан нима учун Россия нефтини сотиб олаётгани сўралганда, у "Ахир Европа Россия газини сотиб олаяптику", - деб жавоб берди. Ҳиндистон нефть сотиб олса, Россияга кўмак сифатида қаралади, лекин Европа газ сотиб олса, ундай эмас. Бу икки томонлама стандартлар", - деди у.

Тошкент ва Москва ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик масаласига келсак, ШҲТ саммитидан сўнггина фаоллашадиган жиддий тараққиёт кўзга ташланмоқда.

"Ҳозирнинг ўзида сайёҳлик оқими ошди, жуда кўп рус сайёҳлари ташриф буюрмоқда. Бундан ташқари, Россия Федерациясидан илгари фойдаланилмаган захираларга эътибор берадиган кўплаб тадбиркорлар келмоқда. Ғарбнинг қаттиқ босимини ҳисобга олиб, улар Ўзбекистон имкониятлари ва салоҳиятини батафсил ва чуқурроқ ўрганмоқда. Ўйлайманки, бу ҳаракатлар икки томонлама муносабатлар доирасида ҳам, ШҲТ доирасида ҳам давом этади. Путиннинг саммитга ташрифи стратегик шерикликни чуқурлаштиришни ҳам назарда тутган. Биз Россиянинг мамлакатимиз билан ҳамкорликни чуқурлаштириш борасидаги қизиқишини кўрмоқдамиз", - дея хулоса қилди у.

Ўзбекистон бўйлаб янгиликлар: Telegram-каналга уланинг 

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...