Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Туркияда Konuşanlar кўрсатувида ўзини "профессионал ва VIP массаж мутахассиси" деб таништирган Ўзбекистон фуқароси ишлаш рухсатига эга эмаслиги аниқлангач, ушланди. Унга нисбатан мамлакатдан чиқариб юбориш жараёни бошланган.
Маълум қилинишича, Истанбул полициясининг мигрантлар контрабандасига қарши кураш ва чегара назорати бўлими ходимлари интернет мониторинги давомида дастур видеосини ўрганган. Кўрсатувда ўзини "Мелике" деб таништирган аёлнинг Туркиядаги ҳуқуқий мақоми текширилган.
Текширувда унинг ҳақиқий исми 38 ёшли Мохичехра Бахтиёровна экани, 2021 йилдан бери Туркияда яшаш рухсати мавжуд бўлса-да, ишлаш рухсатига эга эмаслиги аниқланган.
Полиция уни Ускудардаги манзилида қўлга олган. Расмий жараёнлардан сўнг Ўзбекистон фуқароси Истанбул полициясига олиб кетилган ва унга нисбатан депортация жараёни бошланган. Кейинчалик у Арнавуткўйдаги вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган.
Олдинроқ Ўзбекистон ва Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг ҳамкорлиги натижасида бир ярим йилдан буён халқаро қидирувда бўлган шахс ватанга қайтарилганди.

Изоҳлар мавжуд емас