Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) бош директори Цюй Дунъюйнни қабул қилди ва ушбу учрашув якунида давлатимиз раҳбарига ташкилотнинг олий мукофоти – Agricola медали топширилди.
Тошкентдаги халқаро тадбирларда иштирок этаётган ФАО раҳбари бу мукофотни Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қишлоқ ва сув хўжалигини ривожлантиришдаги ютуқлари эътирофи сифатида топширган.
Учрашувда стратегия ва амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан янги беш йиллик дастурни амалга ошириш, соҳани рақамлаштириш ҳамда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш масалалари муҳокама қилинган.
Мулоқотда шунингдек, мамлакатимиз илк бор 2028–2029 йиллар учун ФАО Кенгаши таркибига сайлангани ва Тошкентда денгизга чиқиш имконияти бўлмаган мамлакатлар учун Агроинновациялар хаби ишга туширилиши таъкидланган.
Маълумот учун, 1977 йилда таъсис этилган Agricola медали очликка барҳам бериш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўлида муҳим ҳисса қўшган ва амалий чораларни амалга оширган атоқли арбобларга берилади.
Аввалроқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бутунжаҳон таэквондо федерациясининг олий шахсий мукофоти – Шон-шараф ордени билан тақдирланганди.

Изоҳлар мавжуд емас