Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Россия президенти Владимир Путин 27 июль куни мамлакат ҳукуматига Ўзбекистон ва Қозоғистон билан ҳарбий-техник ҳамкорлик тўғрисидаги битимларга ўзгартиришлар киритиш бўйича музокаралар бошлаш топшириғини берди. Расмий порталда эълон қилинган ушбу ҳужжат уч мамлакат ўртасида ҳарбий маҳсулотлар ҳамда хизматлар етказиб беришни тартибга солувчи келишувларга дахлдор экани кўрсатилди.
Мазкур фармойиш Қозоғистон билан 2013 йилда ва Ўзбекистон билан 2016 йилда тузилган шартномаларга дахлдордир.
Амалдаги келишувлар аслида нафақат қурол-яроғ сотиш, балки технологиялар, ҳарбий-техник ахборотлар, конструкторлик ҳужжатлари алмашинуви, шунингдек, техникани таъмирлаш ва қўшма корхоналар ташкил этиш каби соҳаларни қамраб олади.
Ҳужжатлар мазмунига кўра, маҳсулотларни олиб кириш ва олиб чиқиш томонларнинг давлат органлари томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича амалга оширилади. Бу нарса қурол-яроғ ва бутловчи қисмларни нафақат Россиядан ушбу мамлакатларга, балки қарама-қарши йўналишда ҳам етказиб бериш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
Таъкидлаш жоизки, эълон қилинган ҳужжатда битимга айнан қандай ўзгаришлар киритилиши очиқланмаган бўлиб, музокаралар якунида тегишли баённома тайёрланиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, ушбу ташаббус Россияга нисбатан Ғарб мамлакатлари томонидан жорий этилган кенг кўламли чекловлар фонида юз бермоқда. Европа Иттифоқи ва АҚШ томонидан ҳарбий ва икки мақсадли маҳсулотлар, жумладан, электрон ҳамда оптик компонентлар экспортига қатъий тақиқлар қўйилган.
Хусусан, Ғарб давлатлари томонидан микросхемалар, радионавигация аппаратлари ва рақамли дастур билан бошқариладиган станоклар сингари 50 тоифадаги товарлар рўйхати тузилган бўлиб, бу каби воситаларнинг санкцияларга қўшилмаган учинчи мамлакатлар орқали Россияга кириб келишидан хавотир билдирилмоқда.
Олдинроқ Россия президенти Владимир Путин меҳнат мигрантларининг мамлакатда бўлиш тартибини қатъийлаштирувчи қонунни имзолаганди.

Изоҳлар мавжуд емас