Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. АҚШ Президенти Доналд Трамп ташаббуси билан ташкил этилаётган, Ғазодаги можарони ҳал қилишга қаратилган Тинчлик кенгашига дунёнинг 60 га яқин давлати таклиф олди. Wall Street Journal (WSJ) нашрининг хабар беришича, ушбу халқаро тузилмага доимий аъзо бўлиш учун давлатлардан йирик миқдорда молиявий бадал талаб этилади.
WSJ маълумотларига кўра, Тинчлик кенгашида доимий аъзолик мақомини олиш учун белгиланган бадал миқдори йилига 1 миллиард долларни ташкил этади. Ушбу маблағни тўламаган давлатлар учун кенгашдаги ваколат муддати уч йил билан чекланади. Ҳозирча йиғилган маблағлар айнан қайси мақсадларга (ҳарбий харажатлар ёки Ғазони қайта тиклаш) сарфланиши бўйича аниқ маълумотлар очиқланмаган.
Ҳисоботга кўра, таклиф қилинаётган давлатлар потенциал хавфлар туфайли жавоб беришга шошилмаяпти.
Бу ташкилот шунчаки сиёсий клуб эмас, балки Яқин Шарқда узоқ муддатли барқарорлик ва хавфсизликни шакллантириш учун бевосита масъулиятни ўз зиммасига оладиган давлатлар иттифоқи бўлиши кутилмоқда. Ташаббус БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 2803-сонли резолюцияси билан маъқулланган Ғазодаги урушни тугатиш режасининг ижро механизми сифатида кўрилмоқда.
Аммо Америка раҳбари Кенгашга раис бўлгани учун қабул қилинаётган қарорларга мутлақ вето қўйиш ҳуқуқига эга бўлади.
Таклифнома олган 60 га яқин давлат орасида минтақавий етакчилар ва иқтисодий жиҳатдан бақувват мамлакатлар мавжуд. Хусусан, Россия, Исроил, Қозоғистон каби давлатлар президентлари бор. Куни кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу кенгашга таъсисчи давлат сифатида қўшилишга тайёрлигини расман билдирган.
Бу Ўзбекистоннинг Яқин Шарқдаги инқирозни ҳал этишда халқаро ҳамжамият билан фаол иштирок этиш ва тинчликка ҳисса қўшиш истагини тасдиқлайди.
Экспертларнинг фикрича, Трамп маъмурияти ушбу кенгаш орқали Ғазо секторини назорат қилиш ва қайта тиклаш масъулиятини жаҳоннинг етакчи давлатлари ўртасида тақсимлашни кўзламоқда. Бироқ ташкилот низомида Ғазо эслатиб ўтилмаган.

Изоҳлар мавжуд емас