Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани Халқ депутатлари Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туманга янги раҳбар тайинланди. Вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этган йиғилишда Илҳом Сапаров номзоди тасдиқланди.
Сессия давомида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилинган. Шу вақтгача туман ҳокими лавозимида ишлаб келган Элмурод Авазов вазифасидан озод этилган. Унинг ўрнига вилоят раҳбари томонидан таклиф этилган Илҳом Сапаров номзоди депутатлар томонидан бир овоздан маъқулланган.
Янги ҳоким 1975 йилда Термиз туманида туғилган. У Термиз давлат университетининг бакалавриат ва магистратура босқичларини тамомлаган тажрибали кадр ҳисобланади.
Меҳнат фаолияти давомида у Сурхондарё вилоятининг бир қатор муҳим тармоқларида, жумладан, Ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими бошқармаси, Халқ таълими бошқармаси, Маданият бошқармаси раҳбари лавозимларида фаолият юритган.
Мазкур тайинловга қадар Илҳом Сапаров Сурхондарё вилояти ҳокимининг ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди. Эндиликда унинг зиммасига Жарқўрғон туманининг иқтисодий салоҳиятини ошириш ва аҳоли фаровонлигини таъминлаш каби масъулиятли вазифалар юклатилган.
Март ойининг бошида ҳам Қорақалпоғистон Республикасининг Тахиатош тумани ҳамда Бухоро вилоятининг Шофиркон туманида маҳаллий бошқарув тизимидаги кадрлар алмашинуви амалга оширилганди. Тасдиқланган қарорларга кўра, Исломбек Сдиков Тахиатош туманига, Мўмин Амонов эса Шофиркон туманига ҳоким этиб тайинланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас