Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилоятида руҳий носоғлом аёл бировнинг уйига кирган. Ижтимоий тармоқларда у гўёки болани ўғирламоқчи бўлгани айтилган видео пайдо бўлди. Расмий идоралар миш-мишларни рад этди.
Вилоят ИИБ хабарига кўра, воқеа 31 июль куни тушдан кейин Шаҳрихон туманида содир бўлган. 102 қисқа рақамига "Чўжа" маҳалласида яшовчи фуқаро қўнғироқ қилиб, номаълум шахс уйига кирганини маълум қилган.
Воқеа жойига участка нозири чиқиб, аёлнинг шахсини аниқлаган. Маълум бўлишича, у шу туманнинг бошқа маҳалласида яшайди, ёши 39 да, 2019 йилдан буён руҳий бемор сифатида диспансер ҳисобида туради. Шу куннинг ўзида инспектор уни вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансерига даволаш учун олиб борган.
ИИБ ижтимоий тармоқларда тарқалган "бола ўғриси қўлга олингани" ҳақидаги маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини таъкидлаган. Идора фойдаланувчиларни нотўғри маълумотларни тарқатмасликка ва фақат расмий манбаларга ишонишга чақирмоқда.
Эслатиб ўтамизки, "Адолат" партиясидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати руҳий ҳолати бузилган шахслар билан боғлиқ қатор шов-шувли ҳодисалардан сўнг, ушбу тоифадаги фуқаролар устидан назоратни кучайтириш ташаббуси билан чиққан эди.

Изоҳлар мавжуд емас