Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида 3 кунлик чақалоқлигида асраб олинган йигит 18 йил давомида уни вояга етказган онасини ўлдирди. Жиноят иши Қўрғонтепа тумани жиноят ишлари бўйича судида кўриб чиқилиб, судланувчига қамоқ жазоси тайинланди.
Судда келтирилган маълумотларга кўра, фарзанд кўрмаган аёл чақалоқни 3 кунлик пайтида асраб олган ва уни ўз фарзандидек тарбиялаган. Бироқ йиллар ўтиб, ўғил онасига нисбатан оғир жиноят содир этган.
Жиноят вақтида йигит онасининг қўл-оёқларини боғлаб, уни бўғган ва пичоқ билан жароҳатлаган. Аёл оғир аҳволда шифохонага олиб борилган. У жарроҳлик амалиёти вақтида вафот этган.
Маълум бўлишича, марҳума ўғлидан уни ўлдирмасликни сўраган. У яқин орада маош олишини, пул беришини айтган. Аёл ўқитувчи бўлгани ва фақат ойлик маоши ҳисобига яшагани судда қайд этилган.
Жиноят ишлари бўйича Қўрғонтепа туман суди судланувчининг жиноят содир этган вақтида вояга етмагани ва бошқа ҳолатларни инобатга олган.
Суд ҳукмига кўра, айланувчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-моддаси (жиноятга суиқасд) орқали 97-моддаси иккинчи қисмининг "в" ва "и" бандлари (қасддан ожиз аҳволда экани айбдорга маълум бўлган одамни тамагирлик ниятида ўлдириш) ҳамда 85-моддаси (вояга етмаганларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш тартиби) асосида 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Аввалроқ Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ака укасини пичоқлаб ўлдирганди. У жиноятни яшириш мақсадида укасининг жасадини кўмиб, кейин эса уни бошқа жойга кўчиришга уринган эди. Суд унга 18 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган.

Изоҳлар мавжуд емас