Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Андижон вилоятида "Ҳудудий электр тармоқлари" жамияти филиалининг 12 нафар ходимига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Улар электр энергияси ҳисоблагичларини истеъмолчиларга ўрнатиш жараёнида аниқланган қонунбузилишларда гумон қилинмоқда.
"Ҳудудий электр тармоқлари" акциядорлик жамияти маълум қилишича, бошқарув топшириғи асосида Ички аудит хизмати ва Комплаенс назорати хизмати томонидан Андижон ҳамда Самарқанд филиалларида электр ҳисоблагичларининг қонунчилик талаблари асосида ўрнатилиши юзасидан хизмат текширувлари ўтказилмоқда.
Текширувлар давомида Андижон филиалида истеъмолчиларга электр ҳисоблагичларини ўрнатиш жараёнида қатор қонунбузилишлар ҳамда ҳисоблагичлар камомади аниқланган. Бу ҳолатлар бўйича материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилган.
Тергов ҳаракатлари доирасида қонунбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган 12 нафар ходим қамоққа олинган. Айни пайтда жамиятга етказилган зарар миқдорини аниқлаш ва уни қоплаш бўйича тегишли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, Самарқанд вилоятидаги текширувлар чоғида ҳам қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Хусусан, Самарқанд шаҳар бўлинмасида электр ҳисоблагичлари истеъмолчиларга жамият маблағлари ҳисобидан ноқонуний тарзда ўрнатилгани маълум бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган ва етказилган зарарни қоплаш чоралари кўрилмоқда.
"Ҳудудий электр тармоқлари" маълумотига кўра, ҳозирда Самарқанд вилоятининг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам электр ҳисоблагичларини ўрнатиш жараёнлари ўрганилмоқда. Текширувлар ҳисоблагичларнинг қонунчилик талабларига мувофиқ ўрнатилгани, шунингдек, жамият маблағларининг мақсадли ва самарали сарфланганини аниқлашга қаратилган.
Олдинроқ Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирларда хизмат мавқеидан фойдаланиб, фуқаролардан жами 150 миллион сўм пул талаб қилган Фарғона ва Шароф Рашидов туманлари электр таъминоти корхоналари муҳандислари ашёвий далиллар билан қўлга олинганди.

Изоҳлар мавжуд емас