Загрузка
Загрузка
Қашқадарёда келинини ўз жонига қасд қилиш даражасига етказган қайнона қамалди
Ҳодисалар

Қашқадарёда келинини ўз жонига қасд қилиш даражасига етказган қайнона қамалди

56
Загрузка

Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz.  Қашқадарё вилояти Қамаши туманида келинига мунтазам равишда тазйиқ ўтказиб, уни калтаклаб ва ҳақорат қилиб келган аёл 5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Суд хулосасига кўра, қайнонанинг жисмоний ва руҳий зўравонлиги ёш аёлнинг ўз жонига қасд қилишига олиб келган.

Суд материалларига кўра, воқеа 2023 йил кузида, аёл ўғлини уйлантирганидан кейин бошланган. Янги оила қайнона билан бирга яшай бошлаган. Вақт ўтиши билан қайнона келинининг ҳаётини назорат қилишга ўтган, уни ҳақорат қилган, калтаклаган ва яқинлари билан мулоқотини чеклаган.

2024 йил кузида тилла сирғалар билан боғлиқ можародан кейин вазият янада кескинлашган. Қайнона келинининг ота-онасини чақириб, улар билан жанжаллашган. Кейинчалик эса келинини мунтазам равишда камситиб, ўғлига муносиб эмаслигини айтган, уйдан ҳайдаш ва ўғлига бошқа хотин олиб бериш билан таҳдид қилган.

Бундан ташқари, қайнона ўзи фаррош бўлиб ишлаган мактабдаги юмушларни ҳам келинига бажартирган. Ёш аёл пол ювиш, ҳудудни тозалаш ва бошқа хўжалик ишларини бажаришга мажбур бўлган.

Келиннинг яқинлари билан алоқаси ҳам чекланган. Унинг телефони олиб қўйилгани сабабли ота-онаси билан фақат бошқа одамларнинг телефонлари орқали гаплаша олган. Бундай суҳбатлар вақтида қайнона унинг ёнида ўтириб, мулоқотни назорат қилган.

2025 йил май ойида келин дарсларга тайёргарлик кўраётган вақтда ухлаб қолгани учун яна жанжал чиққан. Қайнона уни ота-онасиникига ҳайдаган. Кейинчалик миксернинг тасодифан синиши ҳам янги можарога сабаб бўлган. Қизнинг қариндошлари янги миксер олиб берганига қарамай, жанжал ва тазйиқлар давом этган.

Тергов маълумотларига кўра, шундай можаролардан биридан кейин ёш аёл илк бор ўз жонига қасд қилишга уринган. Эртаси куни қайнона яна жанжал чиқариб, вояга етмаган қизи билан бирга келинини калтаклаган. Шундан сўнг унинг фарзандини олиб қўйиб, уйдан ҳайдаган.

Ёрдам сўраб маҳаллага мурожаат қилган келин қайнонаси билан доимий жанжаллар бўлаётганини айтиб, буюмларини олиб, вақтинча ота-онасиникига кўчиб ўтишда кўмак сўраган. Мурожаат юзасидан тегишли далолатнома тузилган.

Кейинчалик Тошкентдан қайтган турмуш ўртоғи оилавий муносабатларни тиклашга уринган. Бироқ қайнона ўғлидан хотини билан ажрашишни талаб қилган. Эр хотинини яна уйга олиб келганига қарамай, тазйиқлар тўхтамаган.

2025 йил 28 июль куни яна жанжал чиққан. Суд аниқлашига кўра, қайнона келинининг ўнг кўзи атрофига урган, уни калтаклаган ва фарзандини олиб қўйган. Шу куни ёш аёл ўз жонига қасд қилган.

Қамаши туман суди аёлни ўзини ўзи ўлдириш даражасига етказиш жиноятида айбдор деб топиб, унга енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда 5 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган. У суд залидаёқ қамоққа олинган.

Ҳимоя томони ҳукм устидан апелляция шикояти берган, бироқ юқори инстанция суди қарорни ўзгаришсиз қолдирган. Кейинчалик назорат тартибида берилган шикоят ҳам Қашқадарё вилояти судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан қаноатлантирилмаган.

Загрузка
Мақоладан таъсирланиш
Ёқади
0
Таҳсинга лойиқ
0
Хурсандчилик
0
Ҳайрон бўлмоқ
0
Тушкунлик
0
Хомушлик
0
Ҳафсаласи пир бўлмоқ
0
Ёқмайди
0

0 изоҳлар

  • Изоҳлар мавжуд емас

Рухсат олинг Шарҳлар қолдириш мумкин бўлиши учун.


Бошқа янгиликлар

Юклаш...