Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz Тошкентдаги савдо марказида юз берган ва ёш боланинг ўлимига сабаб бўлган ёнғин ҳолати бўйича мансабдор шахсларга нисбатан тергов ҳаракатлари бошланди. Бу ҳақда Бош Прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов Batafsil.uz мухбирига маълум қилди.
Яшнобод туманидаги Aviator савдо мажмуасида содир бўлган ёнғин юзасидан Бош прокуратура Жиноят кодексининг иккита моддаси бўйича жиноят иши очди. Мазкур иш доирасида нодавлат ташкилот мансабдор шахсларининг ўз ваколатларини суиистеъмол қилиши ҳамда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бузилиши ҳолатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 январь куни мажмуанинг иккинчи қаватида 800 квадрат метр майдонни қамраб олган йирик ёнғин юз берган эди. Олов асосан умумий овқатланиш ҳудуди ва болалар ўйин майдончасига зарар етказган. Афсуски, ҳодиса оқибатида 2023 йилда туғилган вояга етмаган қизалоқ ҳалок бўлди.
Ҳозирда Жиноят кодексининг 192-11 ва 259-моддалари асосида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мутахассислар ёнғин келиб чиқишининг аниқ сабабларини ўрганишмоқда ва айбдор шахслар доирасини белгилашмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас