Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тиббиёт муассасасига борганда бемор шифокор белгилаган муолажа учун тўлов қилади. Аммо бу тўлов тўғри ҳисобланганми? Қорақалпоғистон, Самарқанд ва Сирдарёда ўтказилган текширувлар айрим тиббиёт муассасаларида пуллик хизматлар нархи қонун талабларига зид равишда шакллантирилганини кўрсатди. Натижада фуқаролардан юзлаб миллион сўм ортиқча ёки асоссиз маблағ олинган.
Бу ҳақда Рақобат қўмитаси хабар берди.
Хусусан, Қорақалпоғистон ҳудудидаги 7 та тиббиёт муассасасининг 2023–2026 йиллардаги пуллик хизматлари нархлари текширилган. Айрим муассасаларда солиқ имтиёзлари мавжуд бўлса-да, фойда солиғи хизмат таннархига қўшилган. Бошқа ҳолатларда эса хизматлар нархи белгиланган тарифлардан юқори бўлган.
Оқибатда истеъмолчилардан 331,7 миллион сўм асоссиз даромад олингани аниқланган. Олти муассасага нисбатан иш қўзғатилиб, маблағларни фуқароларга қайтариш бўйича кўрсатмалар берилан. Яна бир муассасага нархлар ҳисоб-китобини қайта кўриб чиқиш топширилган.
Кўрилган чоралар натижасида айрим тиббий хизматлар тарифлари ўртача 16,22 фоизга пасайтирилган.
Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказининг Самарқанд вилояти филиалида ҳам қонунбузилишлар аниқланган.
Текширувда қонунчилик талаблари бузилгани ва истеъмолчиларга 302,2 миллион сўм ортиқча маблағ ҳисоблангани маълум бўлган. Филиалга камчиликларни бартараф этиш ҳамда келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилган.
Сирдарё вилоятида эса онкология ва радиология маркази филиали 2025 йил давомида қарийб 4 790 нафар истеъмолчидан 76 миллион сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олингани аниқланган.
Дерматовенерология ва косметология марказининг ҳудудий филиалида пуллик хизматлар нархини ҳисоблашда билвосита харажатлар коэффициенти белгиланган 38,2 фоиз ўрнига 47,4 фоиз миқдорида қўлланилган. Бу фарқ 9,2 фоиз бандини ташкил этади.
Натижада 2024–2025 йилларда фуқаролардан қарийб 300 миллион сўм ортиқча маблағ ундирилган. Ҳар икки муассасага нисбатан иш қўзғатилиб, ортиқча олинган пулларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича мажбурий кўрсатмалар берилган.
Тиббий хизмат нархи фақат муассаса белгилаган рақамдан иборат эмас — уни ҳисоблашда қонунчилик талабларига риоя қилиниши керак. Хизмат таннархига асоссиз харажатларни қўшиш ёки белгиланган тарифдан ошиш охир-оқибат беморнинг чўнтагига таъсир қилади.
Рақобат қўмитаси тиббиёт муассасаларидаги нархлар шаклланишини ўрганиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ишлари давом эттирилишини маълум қилган.
Олдинроқ Ўзбекистонда вақтинча бошқа жойда яшаган ёки хорижда бўлган қарийб 800 минг нафар фуқаронинг коммунал хизматлар учун ҳисобланган қарздорлиги қайта ҳисоб-китоб қилингани хабар қилинганди. Натижада улар фойдасига қарийб 22 миллиард сўм асоссиз қарздорлик қайта ҳисобланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас