Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Наманган вилоятидаги боғчалардан бирида хўжалик мудири томонидан ёш қизчага нисбатан жинсий тегажоғлик содир этилгани ҳақида хабар берган эдик. Ижтимоий тармоқларда гувоҳлар томонидан юборилган янги маълумотларга кўра, ҳолат бир марта эмас, мунтазам содир этилиб келинган.
Манбага кўра, тарбиячи болаларни ухлатиб, боғча мудирасининг уйида кир ювишга чиқиб кетган вақтда қизча ташқарига чиққан. Шунда хўжалик ходими уни ўз хонасига олиб кириб, жиноятни содир этган ва чупа-чупс бериб ҳеч кимга айтмасликни тайинлаган.
Қизчада кучли оғриқ бошлангач, шифохонага олиб борилган ва шифокорлар томонидан тан жароҳатлари аниқланган.
Шунингдек, воқеа жойига етиб келган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ходимнинг хонасида наша чекиб ўтирганини аниқлашгани ҳамда мудира ва гумонланувчининг яқинлари томонидан жабрланувчининг оиласига босим ўтказилаётгани айтилмоқда.
Ҳозирда жамоатчилик фаоллари ва жамоатчилик вакиллари тегишли мутасадди идоралардан ҳолат юзасидан холис ва чуқур текширув ўтказишни сўрамоқда.
Ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирилмаган.
Олдинроқ Болалар омбудсмани матбуот хизмати Batafsil.uz мухбирига ушбу ҳолатни тасдиқлаганди. Идора маълумотларига кўра, иш бўйича гумонланувчи аллақачон ушланган ва қамоққа олинган.

Изоҳлар мавжуд емас