Ўзбекистон, Тошкент – Batafsil.uz ЯА. Фарғона вилояти божхона ходимлари контрабанда йўли билан олиб кирилган 570та смартфонларни топишган. Мухбиримиз хабар беришича, уларнинг умумий қиймати 1 миллиард 49 миллион сўмни ташкил қилади.
Давлат божхона қўмитаси матбуот-хизмати маълум қилишича, смартфонлар ДБҚ Фарғона вилояти бошқармаси Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бўлими ходимлари томонидан Тошлоқ туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида аниқланган.
“Водил-Тошлоқ” йўналиши бўйича ҳаракатланаётган фуқаро Х.А. бошқарувидаги “Нексия-3” русумли автомашина тўхтатилиб, ўрнатилган тартибда холислар иштирокида текширувдан ўтказилган. Натижада, автомашина юкхонасида тегишли ҳужжатлари бўлмаган умумий қиймати 331 миллион сўмлик 170 дона уяли телефонлар борлиги маълум бўлган.
Белгиланган тартибда фуқаро Н.Х.нинг яшаш хонадони ҳам кўздан кечирилиб, умумий қиймати 718 миллион сўмлик 400 дона уяли телефонлар топилган.
Тезкор тадбирлар давомида фарғоналик фуқародан умумий қиймати 1 млрд. 49 миллион сўмлик, жами 7 турдаги 570 дона уяли алоқа воситалари ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.
Қўмита берган хабарга кўра, ҳолат юзасидан божхона текширувлари ва тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Изоҳлар мавжуд емас