Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Сирдарёлик тадбиркор Бухородаги 290 гектар олтин кони мавжуд ер майдонини аукцион орқали олиб бериш эвазига маҳаллий фуқародан йирик миқдорда пул талаб қилган вақтида ДХХ томонидан ушланди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда маълум бўлишича, 53 ёшли сирдарёлик тадбиркор Пешку туманидаги олтин ва бошқа қимматбаҳо металлар захирасига эга 290 гектар ерни ваколатли танишлари орқали олиб беришни ваъда қилган.
У ушбу "хизмати" учун шофирконлик фуқародан жами 600 минг долларни талаб қилган. Муқаддам фирибгарлик жиноятлари учун бир неча бор судланган ушбу шахс сўралган пулдан 230 минг доллар ва 840 миллион сўмни олдиндан олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг фирибгарлик ва пора беришга қасд қилиш моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчига нисбатан "қамоқ" эҳтиёт чораси қўлланилиб, тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Бундан олдин Давлат хавфсизлик хизмати ва Департамент ходимлари томонидан ўтказилган яна бир тадбирларда дарахтларни кесишга рухсат бериш ва ер ажратиш билан боғлиқ пора олиш ҳолатлари аниқланган эди.

Изоҳлар мавжуд емас