Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. 5 октябрь куни Centrum Air авиакомпаниясининг Самара — Тошкент йўналишидаги C6468 рейсида ўзбек тилида мулоқот қилиш масаласи ортидан сезиларли низо келиб чиқди ва оқибатда йўловчи рейсдан олиб қолинди. Блогер Комил Исмоилов (komil_vlogs) борт кузатувчисидан ўзбекча гапиришни сўрагани учун лайнердан тушириб юборилганини таъкидламоқда, авиакомпания эса йўловчи тажовузкорлик қилгани ва ходимага халақит бергани сабабли шундай қарорга келинганини маълум қилди.
Блогернинг сўзларига кўра, самолётга чиқиш вақтида стюардесса ундан рус тилида миндириш талонини (посадочный талон) кўрсатишни сўраган. Блогер "Ўзбек тилида сўрасангиз бўлмайдими, ўзбексизку?" деган эътирозидан сўнг, ходима унга бақириб, хоҳласа русча, хоҳласа инглизча гапиришини айтган ҳамда уни орқага қайтарган. Кейинчалик ҳаво кемаси командири (учувчи) қарори билан блогер самолётдан чиқариб юборилган.
Centrum Air расмий муносабатида таъкидланишича, компаниянинг сиёсати кўп миллатли муҳитга асосланган ва барча борт кузатувчилари ўзбек, рус ҳамда инглиз тилларини яхши билишади. Компания вакилларининг билдиришича, мазкур йўловчи борт кузатувчисига нисбатан қўпол муносабатда бўлган, уни ҳақорат қилган ва йўловчиларни ўтқазиш жараёнига халақит берган. Парвоз хавфсизлиги ва тартибга хавф солингани сабабли, командир томонидан йўловчини парвозга қўймаслик ҳақида асосли қарор қабул қилинган.
Ҳозирда авиакомпания ҳодиса тафсилотлари тўлиқ ҳужжатлаштирилганини ва ушбу фуқаронинг хатти-ҳаракатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиш имкониятини кўриб чиқаётганини билдирган.
Кеча Centrum Air авиакомпаниясининг Истанбул — Фарғона йўналиши бўйича C6 316 рейси йўловчиларига тегишли 99 дона багаж ҳаво кемасига ортилмай, Туркия аэропортида қолдирилгани ҳақида хабар берган эдик.

Изоҳлар мавжуд емас