Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чорвоқ сув омборида 2 сентябрь куни содир бўлган фожиа оқибатида чўкиб кетган уч нафар фуқаронинг (ота ва унинг икки ўғли) жасадини топиш бўйича қидирув-қутқарув операцияси тўлиқ якунланди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот котиби Мурод Содиқовнинг Batafsil.uz мухбирига берган хабарига кўра, жасадларнинг учинчиси ҳам топилган. Энг охирги топилган марҳум отаси эканлиги айтилмоқда.
ФВВ ғаввослари томонидан 9 сентябрь куни кичик ўғилнинг, 10 сентябрь куни соат 13:35 да эса ота ва иккинчи ўғилнинг жасадлари сувдан олиб чиқилган. Мудҳиш ҳодиса катерда сайр қилиш чоғида содир бўлган: оила аъзоларидан бири сузиш учун сувга тушган ва хавфсизлик нимчаси (жилети) бўлмагани сабабли чўка бошлаган. Унга ёрдам бериш мақсадида сувга сакраган отаси ва акаси ҳам чўкиб кетган.
Сув омборининг майдони жуда кенглиги ва чуқурлигига қарамай, ФВВнинг тезкор штаби, Жиззах ҳамда Сирдарё вилоятлари ФВБ қўшимча куч ва воситалари, шунингдек, энг замонавий қидирув ускуналари жалб этилгани эвазига қидирув ишлари нисбатан қисқа муддатда якунланган.
Мутасаддилар барча фуқароларни сув объектларида хавфсизлик қоидаларига ва хавфсизлик нимчаларини тақиш талабига қатъий риоя қилишга чақирмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас