Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбир давомида йирик миқдордаги наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйди. Қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб келинган 24 килограммдан ортиқ "гашиш" моддаси ашёвий далил сифатида олинди.
Тезкор-қидирув тадбирлари давомида Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи, 52 ёшли фуқаро кузатувга олинган. Маълум бўлишича, муқаддам наркожиноят учун судланган ушбу шахс қирғизистонлик шериклари билан тил бириктириб, Хўжаобод туманидаги махсус хуфия жойга яшириб кетилган наркотикларни қабул қилиб олиши керак бўлган. У жами 24 килограмм 475 грамм "гашиш" моддасини олаётган вақтида ДХХ, Ички ишлар ва Божхона идоралари ходимлари томонидан қўлга олинган.
Ҳолат юзасидан ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 28, 246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ҳамда 25, 273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситаларини ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда гумонланувчига нисбатан "қамоққа олиш" эҳтиёт чораси қўлланилиб, унинг бошқа жиноий шерикларини аниқлаш бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Самарқандда ўтказилган "Жамият саломатлиги ва хавфсизлиги йўлида трансмиллий гиёҳвандлик таҳдидларига қарши курашиш" мавзусидаги халқаро форум доирасида гиёҳвандлик бизнесига қарши курашда устувор йўналишларнинг ўзгаришини тасдиқловчи декларация қабул қилинганди.

Изоҳлар мавжуд емас