Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Фарғона вилоятининг Ёзёвон туманида содир бўлган йирик ёнғин оқибатида икки нафар фуқаро ҳалок бўлди, яна уч киши турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, 16 июнь куни соат 22:16 да вилоят ФВБга Ёзёвон туманидаги "Сой бўйи" маҳалласи ҳудудида автомобил ёнаётгани ҳақида хабар келиб тушган.
Хабардан сўнг ёнғин-қутқарув экипажлари зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни қисқа вақт ичида ўчиришга муваффақ бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, ёнғин натижасида қаровсиз нотурар биноларнинг 60 квадрат метр қисми ҳамда учта автомобиль — Labo, Hyundai ва Mercedes-Benz русумли транспорт воситалари ёниб зарарланган.
Ҳодиса жойига вилоят ва туман Фавқулодда вазиятлар бўлими раҳбарияти, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар масъуллари чиққан. Айни пайтда ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва етказилган моддий зарар миқдори ўрганилмоқда.
Бирламчи маълумотларга кўра, фожиа оқибатида икки киши ҳалок бўлган. Яна уч нафар жабрланувчига тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Тергов ва ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас