Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Халқаро қидирувда бўлган ва "Грязь" лақаби билан танилган уюшган жиноятчилик гуруҳининг раҳбари Ўзбекистонга олиб келинди. 32 ёшли фуқаро Туркияда қўлга олиниб, 5 декабрь куни Ўзбекистонга экстрадиция қилинган.
Қўлга олиш жараёни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги (ИИВ), Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) бўлинмаларининг ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллигининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида амалга оширилган.
ИИВ маълумотларига кўра, қўлга олинган шахс узоқ вақт давомида чет элда яшириниб, жиноий жавобгарликдан қочиб юрган. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари уни мамлакатда фаолият юритган уюшган жиноятчилик гуруҳининг раҳбари сифатида кўрсатмоқда.
Гумонланувчи бир қатор оғир жиноятларни содир этганликда айбланмоқда. У 2023 йилда Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш департаменти томонидан қидирувга берилган эди.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 112-моддаси 2-қисми (Қотиллик ёки зўравонлик билан таҳдид қилиш), 164-моддаси 4-қисми (Талончилик), 165-моддаси 3-қисми (Товламачилик), 173-моддаси 2-қисми (Мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикастлаш) ва 242-моддаси 1-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш) бўйича жиноий ишлар қўзғатилган.
Қўлга олинган шахс ҳозирда тергов органларига топширилган ва керакли процессуал чоралар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси ходимлари жуда катта миқдордаги ўғирлик ва товламачилик учун халқаро қидирувда бўлган 40 ёшли тошкентлик эркакни ҳам Мисрдан экстрадиция қилган эди.

Изоҳлар мавжуд емас