Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Ички ишлар вазирлиги Тергов департаменти Taftish.uz таҳририятининг норасмий раҳбари Ғайрат Абераев бошчилигидаги уюшган жиноий гуруҳ қўлга олинганини маълум қилди. Гуруҳ аъзолари жамоатчилик назорати ва журналистик фаолиятни ниқоб қилиб олиб, фуқаролар ва тадбиркорлардан ўта йирик миқдорда пул маблағларини товламачилик йули билан ундириб келганликда айбланмоқда.
Улар бугун, 16 январь куни, товламачилик ва фирибгарлик жиноятларини содир этганликда гумонланиб, процессуал тартибда ушланган.
Тергов аниқлашича, Ғ. Абераев бошчилигидаги гуруҳ (А. Юлдашев, С. Ҳамидов, М. Эшқувватова ва Д. Нишонов) ўзига хос жиноий бизнес моделини яратган.
Биринчи босқичда мурожаатчиларнинг пули эвазига бир томонлама, уйдирма ва шарманда қилувчи видеолавҳалар тайёрлаш ҳамда YouTube каналига жойлаш билан шуғулланишган.
Иккинчи босқичда видеода акс этган тадбиркор ёки фуқаро билан боғланиб, лавҳани ўчириш эвазига йирик миқдорда пул талаб қилишган.
Тамагирлик йўли билан олинаётган пулларни қонунийлаштириш учун жабрланувчиларни Taftish.uz (Элита-медиа МЧЖ) билан сохта ҳамкорлик шартномалари тузишга мажбурлашган.
Хусусан, худди шундай ҳолатда "Чилонзор буюм савдо комплекси" маъмуриятидан уларни обрўсизлантирувчи видеони ўчириш учун 40 миллион сўм талаб қилинган ва 10 миллион сўм миқдори пул олишга ҳам улгурган.
Шунингдек, Самарқанддаги қурилиш фирмаси раҳбарига таҳдид қилиб, уйдирма видеолар чиқармаслик эвазига 20 миллиард сўм бериши ҳақида тилхат ёздириб олишган ҳамда қўшимча 60 миллион сўм талаб қилишган.
Д. Нишонов Наманган вилояти Чуст туманидаги бир оиланинг шаънини ерга урувчи 18 та видео тарқатиб, уларни ўчириш эвазига товламачилик йули билан аввал 300 доллар, кейин жиноий шериги А.Юлдашев билан яна 1,8 миллион сўм олган.
Уларга нисбатан 27 киши ариза билан ИИБ мурожаат қилинган ва аризачиларнинг 21 таси бўйича тергов ҳаракатлари бошланган.

Изоҳлар мавжуд емас