Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бугун, 16 январь куни, бир гуруҳ шахслар, жумладан, Taftish.uz интернет нашри ходимлари товламачилик ва фирибгарлик жиноятларини содир этганликда гумонланиб, процессуал тартибда ушланган.
Расмий маълумотларга кўра, ушланган шахслар — 38 ёшли Ғайрат Абераев (раҳбари), 34 ёшли Азизжон Юлдашев, 26 ёшли Сардор Хамидов, 20 ёшли Маржона Эшқувватова ҳамда 28 ёшли Дилшод Нишоновдир.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) ва 168-моддаси (фирибгарлик) билан гумон асосида процессуал ҳаракатлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ушбу шахсларнинг бошқа икки жиноят — Жиноят кодексининг 139-моддаси (туҳмат) ҳамда 244/6-моддаси (ёлғон ахборот тарқатиш) бўйича ҳам эҳтимолий алоқадорлигини текширмоқда.
2023 йил ноябрь ойида ҳам Ғайрат Абераев фирибгарлик ва пора олишга уринишда айбланган эди. Жиноий иш қўзғатилиб, ҳибсга олингани хабар қилинганди.
Ўшанда у турли хил фермер хўжаликлари ерларини қайтариб олиб бериш эвазига 24 минг доллар сўраган ва бу пулларни ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Корхоналар ва ташкилотларнинг ягона давлат реестри (ЭГРПО) маълумотларига кўра, Taftish.uz веб-сайтига эгалик қилувчи Elita-Медиа компанияси 2019 йил сентябрь ойида ташкил этилган. Ҳозирда унинг директори Абераев, асосчиси эса Дилшод Иргашев. Taftish.uz веб-сайти 2021 йил 24 мартда оммавий ахборот воситаси сифатида рўйхатдан ўтган.
Мутасаддиларнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан қўшимча ахборот кейинчалик тақдим этилади. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Аввал ҳам ижтимоий тармоқларда Taftish.uz нашри журналистлари – Маржона Эшқувватова, Азизибек Юлдашев ва оператор Улуғбек Маматқулов – Тошкент шаҳри Юнусобод туманида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан зўравонлик билан ИИБга олиб кетилгани ҳақидаги хабарлар кенг жамоатчиликнинг диққат марказида бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас