Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Ҳазорасп тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувларда Жанубий Кореяга ишга юбориш ва имтиҳонлардан ўтказиб бериш билан боғлиқ йирик фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.
Маълум бўлишича, бир фуқаро ва унинг шериклари ўзаро тил бириктириб, икки нафар фуқарони Ташқи меҳнат миграцияси агентлигида ишловчи гўёки юқори лавозимли танишлари орқали Корея давлатига жўнатишни ваъда қилишган. Бунинг эвазига улардан 15 500 долларни фирибгарлик йўли билан қўлга киритишган. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар давомида ушбу пуллардан 1 500 долларининг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.
Суриштирув давомида ушбу жиноий гуруҳнинг қатлими янада кенгроқ экани аниқланди. Ушбу гуруҳ ташкилотчилари Кореяга кетиш истагида бўлган яна 17 нафар фуқаронинг ишончига кириб, тил билиш имтиҳонларини ижобий ҳал қилиб бериш эвазига жами 159 500 долларни фирибгарлик йўли билан олганликлари фош этилган.
Худди шундай, туманда аниқланган яна бир ҳолатда гумонланувчи бошқа бир фуқарога Корея давлатига кетиш учун ўтказиладиган имтиҳонлардан муваффақиятли ўтказиб беришни ваъда қилган. Ушбу хизмати эвазига 10 000 долларни фирибгарлик билан қўлга киритган. Шундан сўнг департамент ходимлари томонидан аниқланиб, ундан 10 000 долларнинг тўлиқ қайтарилиши таъминланган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин ҳам текширувлар давомида Корея Республикасига ишга юбориш билан боғлиқ бир қатор фирибгарлик ҳолатлари аниқланганди. Текширувлар натижасига кўра, айрим шахслар ва собиқ масъул ходимлар фуқароларнинг ишончига кириб, уларни хорижда иш билан таъминлашни ваъда қилган ҳолда катта миқдорда пул маблағларини қўлга киритгани маълум бўлганди.

Изоҳлар мавжуд емас