Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Жанубий Кореяда таҳсил олган Ўзбекистон фуқароси ижтимоий тармоқлар орқали террорчилик ташкилотлари ғоялари таъсирига тушиб, улар билан алоқа ўрнатгани ва маблағ юборгани учун 10 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.
ДХХ маълумотига кўра, 31 ёшли Қашқадарё вилоятида туғилган фуқаро 2017 йилда Жанубий Кореянинг нуфузли университетига ўқишга кирган. Хорижда таҳсил олиш даврида у ижтимоий тармоқларда "жиҳод", "ҳижрат" ва "шаҳидлик"ни тарғиб қилувчи материаллар билан танишиб, Суриядаги қуролли тўқнашувлар акс этган видеолар таъсирида ақидапарастлик ғоялари таъсирига тушган.
Шундан сўнг у Instagram ва Telegram орқали Сурияда фаолият юритган "Тавҳид ва жиҳод катибаси" ҳамда "Ғуроба катибаси" террорчилик ташкилотларига алоқадор шахслар билан мулоқот қилган ва уларга тегишли материалларни тарқатган.
Университетни тамомлагандан кейин ҳам Жанубий Кореяда қолган фуқаро "Ғуроба катибаси" террорчилик ташкилоти медиа блогери "Саад Мухтор"нинг интернет орқали амалга оширган алдовларига ишониб, унга пул юборган. 2023 йил декабрь ойида Ўзбекистонга қайтиб келган.
2024 йил июль ойида эса Суриядаги жангарилар сафига қўшилиш мақсадида Туркияга борган, аммо режасини амалга ошира олмай Ўзбекистонга қайтган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида у қўлга олинган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Суд ҳукми билан фуқаро Жиноят кодексининг 244¹, 244², 155² ва 155³-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
ДХХ ушбу ҳолатни ижтимоий тармоқларда террорчилик ва ақидапарастлик ғояларини тарқатувчи шахсларнинг таъсирига тушиб қолиш оқибатларига мисол сифатида келтирган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон қонунчилигида "диний экстремизм" атамаси "экстремизм" тушунчаси билан алмаштирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида экстремизмга қарши курашиш соҳасидаги қонун муҳокамаси давомида маълум қилинган.

Изоҳлар мавжуд емас