Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Навоий вилояти Қизилтепа туманида қўшнисининг Nexia автомобилини рухсатсиз олиб, Қаршига севгилисининг олдига йўл олган 22 ёшли талаба олти йилга озодликдан маҳрум этилди. Қарши давлат техника университетининг тўртинчи босқичида таҳсил олган йигит машина эгаси ундан шикоят қилмаганига қарамай, суд ҳукми билан қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Ҳодиса 2026 йил 26 мартга ўтар кечаси содир бўлган. Талабанинг айтишича, телефон орқали суҳбатлашган қизи у билан муносабатларни тугатмоқчи эканини билдирган. Шундан сўнг йигит у билан учрашиш учун зудлик билан Қаршига боришга қарор қилган.
У тахминан соат 02:00 да қўшнисининг уйи олдида турган Nexia автомобилини рухсатсиз олиб кетган. Машина эшиги қулфланмаган, калити эса салонда қолдирилган.
Йигит Муборак туманига етиб боргач, дўстиникида дам олишга қарор қилган. Уйғонганидан кейин амакисидан ички ишлар органлари уни қидираётгани ҳақида хабар олган. Ушланишдан қўрқиб, машинани ошхона ёнида қолдирган ва йўлини таксида давом эттирган. Бироқ у севгилисининг олдига етиб бормаган. Кейинчалик қариндошлари уни ички ишлар бўлимига олиб борган.
Судда автомобиль эгаси машинасини қулфламасдан қолдирганини тушунтирган. Унинг айтишича, талаба аввал ҳам рухсати билан маҳалла ҳудудида ушбу автомобилни бошқарган. Шу сабабли у йигит машинасини олиб кетганини билганида ҳам тезкор хизматларга мурожаат қилмаслигини айтган. Шунингдек, жабрланувчи суддан йигитни қамоқ жазосига ҳукм қилмасликни сўраган ва унга нисбатан даъвоси йўқлигини билдирган.
Суд жараёнида бир гуруҳ шахслар олдиндан тил бириктириб жиноят содир этгани ҳақидаги айблов исботланмагани учун олиб ташланган. Бироқ суд йигитнинг ҳаракатларини Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми — транспорт воситасини олиб қочиш деб баҳолаган.
Суд ҳайъати жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ҳисобга олиб, талабани жамиятдан ажратмаган ҳолда тузатиш мумкин эмас, деган хулосага келган. Натижада унга олти йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Изоҳлар мавжуд емас