Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Пойтахтда фуқароларга компенсация пуллари тўлиқ тўланмасдан ва мажбурий кўчириш ҳаракатлари якунланмасдан туриб уйларнинг ноқонуний бузиб ташлангани ҳамда рухсатномасиз кўп қаватли бинолар қурилгани аниқланди.
Тошкент шаҳар прокуратураси ва шаҳар ҳокимлиги томонидан ижтимоий тармоқларда фуқаро Р.Паянов ва бошқаларнинг ўзларига тегишли уйдан мажбурий чиқариб юборилгани ҳақидаги мурожаатлари жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, муаллифлар ҳамда MEGA LOGISTICS SERVICE компанияси вакиллари иштирокида аризалар қабул қилиб олинган.
Терговга қадар ўтказилган текширувда Mega Logistics Servise компанияси мансабдор шахслари Яккасарой тумани, Дамариқ маҳалласи, А.Қаҳҳор кўчаси, 19-уйда яшовчиларни кўчириш бўйича ижро ҳаракатлари тугалланмаса-да, турар жойни ўзбошимчалик билан бузиб ташлагани маълум бўлган.
Шунингдек, мазкур ҳудудда тегишли қурилиш рухсатномаси олинмасдан туриб 1 та 20 қаватли, 2 та 19 қаватли, 1 та 12 қаватли ва 1 та 2 қаватли турар-жой бинолари ўзбошимчалик билан қурилгани аниқланиб, жамият мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бундан олдин Тошкент шаҳрининг Миробод туманида болалар майдончаси ва спорт ўйингоҳлари ўрнида олиб борилган қурилиш ишлари юзасидан жиноят иши қўзғатилганди.

Изоҳлар мавжуд емас