Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Самарқанд ва Хоразм вилоятларида фуқароларни ногиронлик нафақасига чиқариб беришни ваъда қилиб пул олган икки шифокор фош этилди. Уларга нисбатан фирибгарлик ва пора бериш билан боғлиқ моддалар асосида жиноят иши қўзғатилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент маълум қилишича, Самарқанд туманидаги марказий шифохона бўлим шифокори фуқарони 2-гуруҳ ногиронлик нафақасига чиқариш ва ҳужжатларини расмийлаштириш эвазига 5 миллион сўм олгани аниқланган. Терговга қадар текширув давомида мазкур маблағ процессуал тартибда қайтарилган.
Шунингдек, Боғот туманида ўтказилган тезкор тадбирда Ҳазорасп туман тиббиёт бирлашмаси шифокори фуқарони юқори лавозимдаги танишлари орқали 2-гуруҳ ногиронлик нафақасига чиқариб беришни ваъда қилиб, 300 доллар талаб қилган. У келишилган пулнинг 3,6 миллион сўмини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳар икки ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ҳамда 28, 211-моддалари (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Яшнобод тумани Кадастр бўлими бош инспектори маҳаллий фуқародан 2 минг доллар пора олган вақтида тезкор тадбир давомида ушланганди.

Изоҳлар мавжуд емас