Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида 35 ёшли Ўзбекистон фуқароси иш жойида пичоқланиб, ҳалок бўлди. Ҳодиса Актас қишлоғидаги тандир нон сотиладиган жойда содир бўлган.
Маълум қилинишича, марҳум сўнгги беш йил давомида шу тандирхонада ишлаган. Ҳодиса куни у харидор билан жанжаллашиб қолган ва оғзаки тортишув қисқа вақт ичида муштлашувга айланган.
Шундан сўнг 56 ёшли гумонланувчи пичоқ олган ва Ўзбекистон фуқаросининг кўкрак қисмига икки марта зарба берган. Олган жароҳатлари оқибатида 35 ёшли эркак воқеа жойида ҳалок бўлган.
Маҳаллий аҳоли марҳумни ижобий инсон сифатида эсламоқда. Унинг ҳеч ким билан жанжаллашмагани, ҳатто ҳар жума куни одамларга нонни бепул тарқатгани айтилган.
Олмаота вилояти полиция департаменти маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан қотиллик факти бўйича жиноят иши қўзғатилган. Тезкор-қидирув тадбирлари давомида 56 ёшли гумонланувчи аниқланиб, қўлга олинган ва вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган.
Полиция маълумотига кўра, гумонланувчи ўз айбига иқрорлик кўрсатмасини берган. Тергов давом этмоқда.
Бундан олдин ҳам Қозоғистонда ўзбекистонлик профессор Иқболжон Қорабоев жосусликда гумонланиб ҳибсга олинганди. BBC маълумотларига кўра, 46 ёшли олим 3 июль куни Остонадаги уйидан олиб кетилган ва унга Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси бўйича айблов қўйилган.

Изоҳлар мавжуд емас