Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Қозоғистонда жосусликда айбланган андижонлик профессор Иқболжон Қорабоев 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда унинг яқинлари BBC нашрига маълум қилган. Бироқ суд жараёни ва ҳукм тафсилотлари ўта махфий сақланаётгани сабабли бу маълумотни Қозоғистон ёки Ўзбекистоннинг расмий идоралари ҳозирча тасдиқламаган.
46 ёшли Иқболжон Қорабоев Остонанинг Мақсуд Нарикбоев университетида халқаро сиёсатдан дарс бериб келган. У 2026 йил 3 июль куни Остондаги уйидан фуқаролик кийимидаги шахслар томонидан олиб кетилган. Қариндошларининг айтишича, унга Қозоғистон Жиноят кодексининг 176-моддаси — жосуслик бўйича айблов қўйилган.
BBC маълумотига кўра, профессорнинг иши бўйича суд жараёни ёпиқ тарзда ўтказилган. Унинг яқинлари суд ҳукми ҳақидаги маълумотни расмий идоралардан эмас, ўз манбалари орқали олган. Қорабоевнинг рафиқаси қисқа учрашув вақтида эри айбини тан олмаганини ва апелляция шикояти беришини айтганини билдирган.
Ишнинг махфийлиги сабабли ҳатто давлат томонидан тайинланган адвокатлар ҳам профессор билан тўлиқ учраша олмаган. Унинг уч фарзандига отаси билан фақат видеалоқа орқали қисқа муддат мулоқот қилишга рухсат берилган.
Профессор айнан қайси давлат фойдасига жосуслик қилишда айблангани ҳамон номаълум. Қорабоевни уйидан олиб кетиш вақтида хавфсизлик ходимларидан бири уни Остондаги Ўзбекистон консуллиги ходимига маълумот етказиб турганликда гумонлагани ҳақида у рафиқасига айтиб улгурган. Аммо бу маълумот ҳам мустақил равишда тасдиқланмаган.
BBC суҳбатлашган хорижлик ҳамкасблари профессорнинг илмий фаолияти унинг жосусликда айбланишига сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган. Қорабоев Қозоғистон ва Ўзбекистондаги муҳим минерал ресурслар бўйича тадқиқот олиб борган. Ҳамкасбларининг айтишича, унинг илмий ишларида очиқ манбалардан олинган маълумотлардан фойдаланилган.
BBC Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг тегишли давлат идораларига, шунингдек, профессорнинг адвокатига мурожаат қилган, аммо саволларига жавоб олмаган. Қорабоевнинг рафиқаси ҳам унинг апелляция бериш нияти борлигини айтган.
Батафсил.uz аввалроқ ҳам Иқболжон Қорабоевнинг Қозоғистонда жосусликда айбланиб ҳибсга олингани ҳақида ёзган эди. Ҳозирги маълумотларга кўра, унинг тақдири, ҳукмнинг ҳуқуқий асослари ва Ўзбекистон томонининг бу иш бўйича қандай чора кўраётгани очиқ қолмоқда.

Изоҳлар мавжуд емас