Ўзбекистон, Тошкент - Batafsil.uz. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўтказилган "сирли мижоз" тадбирлари давомида бир қатор дорихоналарда дори воситалари белгиланган референт нархлардан бир неча баравар қимматга сотилаётгани маълум бўлди.
Текширувлар давомида SHUNQORLAR компаниясига қарашли дорихонада "Конвулекс" томизиш дориси белгиланган 66,4 минг сўм ўрнига 6 баравар қимматга, яъни 395 минг сўмга, "Полимик" препарати эса 12,8 минг сўм ўрнига 70 минг сўмга таклиф этилгани аниқланган. MUNO FARM дорихонасида эса "Стимулотон" таблеткаси рухсат этилган 50,6 минг сўм ўрнига 6 баравар оширилиб, 295 минг сўмдан сотилган.
Шунингдек, HOSIL FARM дорихонасида "Слидерон" препарати белгиланган 115,6 минг сўм ўрнига 349 минг сўмга, диабетга қарши "Лантус Солостар" эса 20 фоизлик устама ўрнига 80 фоизлик устама билан 190 минг сўмга пулланилган. CITY FARM ва AMIR FARM TRADE шахобчаларида "Бактамед" ампуласи 3,3 баравар қимматга ҳамда 100 фоизлик устама билан сотилган бўлса, FERUZA NUR MED"дорихонасида "Полимик" воситаси 5 баравар қимматга сотилган.
Бундан ташқари, LEADER PHARMGROUP, PHARM S GOLDEN ва RUSLAN BUYUK FARM дорихоналарида оммабоп "Но-шпа" ампулалари белгиланган нарх чегарасидан юқори қийматда сотилгани маълум бўлган.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан тадбиркорларга кўрсатмалар берилиб, уларнинг лицензия талабларига мувофиқлигини қайта кўриб чиқиш бўйича ваколатли органга сўров юборилган. Қўмита фармацевтика бозорида нархлар устидан назоратни "сирли мижоз" тадбирлари орқали тизимли равишда давом эттиришини маълум қилган.
Бундан олдин Рақобат қўмитаси БАД рекламаларида уларни дори воситаси сифатида тарғиб қилишдан огоҳлантирганди.

Изоҳлар мавжуд емас